12:13 / 26.01.2021
39621

Марҳум олим Андрей Кубатин ва унинг оиласига етказилган зарарни ундириш бўйича суд бошланди

Даъво суммаси – 3,5 миллиард сўм. Пойтахт молия бошқармасининг фикрича, марҳумнинг оиласига етказилган зарарни давлат бюджетидан эмас, тергов органлари ва айблов ҳукмини чиқарган суддан ундириш керак.

Кеча, 2021 йилнинг 25 январ куни, марҳум турколог олим Андрей Кубатиннинг ноҳақ қамалгани, қамоқхонада унга нисбатан амалга оширилган босим, шунингдек, бунинг ортидан Кубатиннинг турмуш ўртоғи, фарзанди, онаси ва опасига етказилган маънавий зарарни қоплаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида суд мажлиси бўлиб ўтди. 

Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова

Маънавий зарар ундириш бўйича даъвони марҳумнинг опаси Клара Сахарова киритган. Жавобгар сифатида Тошкент шаҳар Молия бошқармаси судга жалб этилган ва етказилган маънавий зарар учун 3,5 миллиард сўм маблағ ундириш сўралган.

Суд музокаралари давомида Андрей Кубатиннинг опаси ва турмуш ўртоғи даъво суммасини қўллаб-қувватлади. Жавобгар, Тошкент шаҳар Молия бошқармаси вакили ушбу сумма давлат бюджети ҳисобидан эмас, балки марҳумга маънавий зарар етишига сабаб бўлган органлар, уни тергов қилган ташкилотлар, прокуратура ва айблов ҳукмини чиқарган суд томонидан қопланиши кераклигини айтди.

Тарафларнинг фикрини эшитган судя Ҳилола Эргашева иш бўйича бошқа масалаларни ўрганиб чиқиш мақсадида суд мажлисида танаффус эълон қилди.

Судя Эргашева Ҳилола

Клара Сахарованинг айтишича, у 2020 йилда Ўзбекистон ҳарбий судига 560 млн сўм миқдорида моддий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. 560 млн сўмлик моддий зарар – марҳум олимнинг 2,5 йил қамоқда ўтирган давридаги ойлик иш ҳақлари, турли илмий ишлари учун тўланган моддий рағбатлантиришлар, шу давр давомида қамоқхонага олиб борилган дори-дармон ва кийим-кечаклар, олимнинг яқинлари томонидан юзлаб давлат ташкилотларига арз қилиш учун кетган йўлкира ва бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланган.

Суд Клара Сахарованинг даъвосини қисман қаноатлантириб, суд харажатлари учун сарфланган 462 минг сўмни ундириш тўғрисида қарор чиқарган. Ҳозирда Клара Сахарова ушбу суд қарори устидан апелляция тартибида шикоят берган, суд жараёнлари давом этмоқда.

Ҳарбий суд қарори

Эслатиб ўтамиз, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган турколог олим Андрей Кубатин 2017 йили Жиноят кодексининг 157-моддаси (Давлатга хоинлик қилиш)да назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

“Чет эл олимига ноёб китобларнинг сканер қилинган нусхаларини топширгани” ҳақидаги айблов хулосаси билан олимга нисбатан ўша йили 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, апелляциядан сўнг бу муддат 5 йилга туширилди.

Бу орада Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Кубатинни таниган дунёдаги йирик бошқа олимлар бу иш уюштирилганини айтиб, президентга мурожаат қилди.

2019 йил 26 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Андрей Кубатиннинг иши қайта кўриб чиқилган ва олим тўлиқ оқланиб, суд залидан озод этилганди.

2,5 йиллик қамоқдан сўнг Кубатин 2019 йил декабрдан буён Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида фаолият юритиб келди.

Андрей Кубатин ва унинг турмуш ўртоғи, олима Феруза Жуманиёзова Kun.uz'га интервью бериб, суҳбат давомида ҳаётларининг оммага маълум бўлмаган қирралари, илм ва олим тийнати, тарихчи олимни қийнаган муаммолар, шунингдек, илмий фаолиятлари ҳақида сўзлаб беришган эди.

2020 йил 29 октябрь куни турколог олим Андрей Кубатин коронавирусдан хасталаниб, шифохонада вафот этди.

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz
Тасвирчи – Жамшид Абдиев

Top