Ўзбекистон | 15:48 / 29.01.2021
1334
4 дақиқада ўқилади

Интеллектуал мулк соҳасида тезкор экспертиза тартиби жорий этилади

1 апрелдан товар ва хизмат кўрсатиш белгисини фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган шахс номига рўйхатдан ўтказилишига оид чекловлар бекор қилинади. Шунингдек, жорий йилнинг 1 октябригача электрон кўринишдаги «Патент платформаси» ишга туширилади.

«Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди, деб хабар хабар бермоқда Интеллектуал мулк агетлиги матбуот хизмати.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 апрелдан товар ва хизмат кўрсатиш белгисини фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган шахс номига рўйхатдан ўтказилишига оид чекловлар бекор қилинади. Шунингдек, интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олишда тезкор экспертиза тартиби жорий этилади.

Ҳужжат билан 2025 йил 1 январга қадар миллий экспорт қилувчилар томонидан чет элда товар келиб чиққан жой номлари (географик кўрсаткичлар)ни рўйхатга олиш бўйича қилинадиган сарф-харажатлари агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланиши белгиланди.

Таъкидланишича, 2021 йил 1 июнга қадар давлат органлари ва олий таълим ташкилотларига тегишли бўлган интеллектуал мулк (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар ва саноат мулки) объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилади.

Шунингдек, экспорт улуши умумий товар айланмасининг 60 фоизидан ортиғини ташкил этадиган экспорт қилувчи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасида ишловчи тадбиркорлар учун товар белгилари 2021-2022 йилларда миллий рўйхатдан бепул ўтказилади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 октябрга қадар Агентлик ҳузурида «Патент платформаси»ишга туширилиши ва платформага тадбиркорлар ихтиёрий ва бепул асосда киритилиши кўзда тутилган.

Жорий йилдан бошлаб агентлик томонидан «Энг яхши интеллектуал мулк объекти»танлови ташкиллаштирилиб, танлов ғолибларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 30, 25, 20 баравари миқдорида пул мукофотлари топширилиши назарда тутилган.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида, хусусан, ишлаб чиқариш ва техник, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги таълим йўналишларида интеллектуал мулк фанлари жорий этилиши белгиланган.

Қарорга кўра, агентлик тузилмасида қуйидагилар ташкил этилди:

  • Интеллектуал мулк ҳимояси бошқармаси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Интеллектуал мулк ҳимояси марказлари;

Марказлар ҳудудий адлия бошқармалари биноларида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Марказларнинг асосий вазифаси сифатида қуйидагилар назарда тутилган:

  • Қалбаки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилишига қарши тизимли ва самарали курашиш;
  • жойларда интеллектуал мулк объектларининг давлат рўйхатидан ўтказилиши билан боғлиқ фаолиятга кўмаклаш;

Аввалроқ, «Интеллектуал мулк обектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси муҳокамага қўйилганлиги маълум қилинганди.

Янги қонун лойиҳасида муаллифлик ҳуқуқи бузилган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баробаридан минг баробаригача бўлган миқдорда товон пули ундирилиши шунингдек, муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя муддатини етмиш йил қилиб белгилашни назарда тутувчи тузатиш киритилиши кутилаётганлиги ҳақида маълумот берилганди.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид