20:52 / 01.02.2021
5724

Тожикистонда 2020 йилги ўлимлар сони аввалги йилдагидан қарийб 9 мингтага кўпроқ бўлди

Тожикистонда ортда қолган 2020 йил давомида 41 минг 693 киши вафот этган. Бу ҳақда мамлакат адлия вазири Музаффар Ашириён ОАВ вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

«Азия-Плюс» нашрининг ёзишича, 2020 йил Тожикистонда бир йил олдингидан 8 минг 643 нафар кўпроқ одам вафот этган. Ўлим кўрсаткичининг бундай ошишига изоҳ берилмаган. Матбуот анжуманида бир йил давомида Тожикистон қамоқхоналарида 11 маҳбус пневмониядан ҳалок бўлгани айтилди.

Тожикистон адлия вазирига кўра, 2020 йил мамлакатда 67 мингта никоҳ қайд этилган ва бу бир йил олдингига қараганда 12 мингтага камроқ дегани. Ўтган йилда мос равишда ажримлар сони ҳам камайган. 2020 йил давомида 10,5 мингта тожикистонлик оила ажрашиб кетган ва бу 2019 йилдагидан 2,5 мингта кам дегани.

«Азия-Плюс»нинг ёзишича, коронавирусдан ўлимлар бўйича ҳукумат бераётган маълумот (90 киши) ишончли эмас. Нашр бу борада ўтказган суриштирувини эслаган. Унда мухбирлар «С20» деб аталадиган махсус қабрлар борлигини, бу қабрларга коронавирусдан ўлганлар кечаси махсус ходимлар томонидан кўмилишини аниқлаган.

Расмий статистикага кўра, Тожикистонда 13 308 киши коронавирус юқтирган ва 90 киши вирус сабаб вафот этган. 10 январдан буён Тожикистонда ҳеч кимда коронавирус аниқланмаган ва Имомали Раҳмон Тожикистон коронавирусни енгганини эълон қилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ортда қолган 2020 йил давомида 175,6 минг киши вафот этган. Бу 2019 йилгига қараганда 21 мингга кўпроқ дегани.

Top