14:00 / 02.02.2021
16465

Қишки трансферларнинг сўнгги кунидаги асосий ўзгаришлар

2 февралга ўтар кечаси Европанинг асосий лигаларида қишки трансферлар даричаси ёпилди. Бу сафарги қишки трансферлар одатдагидан ҳам зерикалироқ ўтди - пандемия клублар иқтисодиётига жиддий зарар етказгани кўриниб қолди. Сўнгги кунда ҳам асосан инглиз клублари фаол бўлишди - кўп ҳолатларда ижара шартномалари тузилди.

«Ливерпуль»
Бозордаги энг фаол клублардан бири «Ливерпуль» бўлди. Мерсисайдликларнинг марказий ҳимоясида Виржийл ван Дейк ва Гомес ортидан Жоэл Матип ҳам жароҳат олиб, мавсум якунига қадар сафдан чиққани туфайли сўнгги кунда клуб ушбу чизиқни кучайтириш учун ҳаракат қилди. Натижада, клубга Чемпионшипдан - «Престон» ҳимоячиси Бен Дэвис ва Бундеслигадан «Шальке» аъзоси Озан Кабак келиб қўшилди. 25 ёшли англиялик футболчи трансфери клубга 2,25 млн еврога тушди. Ҳали Премьер Лигада бирорта ўйин ўтказмаган бу футболчи янги клубида 28-рақамли футболкада тўп суради.

Туркиялик ҳимоячи эса мавсум якунига қадар ижарага олинди, ёзда мерсисайдликлар ушбу футболчининг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олиши мумкин бўлади - тахминий баҳо 30 миллион евро атрофида.

«Ливерпуль» сўнгги кунда «Селтик»дан 19 ёшли дарвозабон Лиам Хьюзни таркибга қўшиб олди, шунингдек, «Унион»да ижарада бўлган Лорис Кариус клубга қайтди.

Таркибни эса икки футболчи тарк этди - ўтган қишки трансферлар ойнасида «Ред Булл»дан сотиб олинган япониялик ҳужумчи Такуми Минамино асосий таркибдан ўрин ололмагач, «Саутҳемптон»га мавсум якунига қадар ижарага берилди. Шунингдек, ҳимоячи Сепп ван дер Берг Бен Дэвиснинг собиқ жамоаси «Престон»га ижарага жўнатилди.

«Арсенал»
Лондонликлар клуби сўнгги кунда таркибни «тозалаш» билан банд бўлди. Микель Артетанинг режаларидан ўрин олмаган футболчиларнинг бир қанчасига янги клуб топилди.

Унаи Эмери даврида жамоанинг асосий етакчиларидан бири бўлган таянч яримҳимоячиси Энзли Мейтленд-Найлз сўнгги лаҳзаларда «Вест Бромвич»га мавсум якунига қадар ижарага берилди. У жорий мавсумда «канонирлар» учун 21 ўйин ўтказган ва бир голли узатма муаллифи бўлган.

21 ёшли яримҳимоячи Жозеф Уиллокни эса «Ньюкасл» ярим йилга ижарага олди, ушбу футболчи жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 17 ўйинда майдонга тушиб, 3 гол урган ва 3 голга узатма берганди.

Германиялик ҳимоячи Шкодран Мустафи билан эса шартнома бекор қилинди, 28 ёшли футболчи фаолиятини «Шальке»да давом эттиради. Ушбу ҳимоячи жорий мавсумда лондонликлар клуби сафида жами 9 ўйинда иштирок этиб, икки марта сариқ карточка олганди. Бунга қадар «Арсенал»нинг яна бир ҳимоячиси Сеад Колашинац «Шальке»га ўтганди.

Клубнинг яна бир вингери Рис Нелсон «Валенсия»га ўтишга яқин эди, аммо испанлар клубида легионерлар учун лимит тўлиб қолгани туфайли бу трансфер барбод бўлди. «Кўршапалаклар» сўнгги кунда Кутроне ва Ферронинг трансферини расмийлаштиришган.

«Эвертон»
Карло Анчелотти бошқарувидаги жамоа сўнгги кунда «Ювентус»дан Сами Хедирани таркибга қўшиб олиши кутилганди. Аммо клуб «Саутҳемптон»га ўтиши кутилган ҳужумчи Жошуа Кингни сафига қўшиб олди. Эркин агент сифатида келган 29 ёшли норвегиялик футболчи билан мавсум якунига қадар шартнома тузилган. 2020/21 йилги мавсумда Кинг «Борнмут» билан чемпионшипда 14 ўйинда майдонга тушиб, 3 гол урган ва 2 голга узатма берган.

Клуб шунингдек, «Интер»дан Иван Перишични харид қилиши мумкин эди, аммо бу трансфер амалга ошмай қолди.

«Эвертон» туркиялик яримҳимоячи Женк Тўсинни «Бешиктош»га қайтарди - футболчи мавсумнинг қолган қисмини ижара асосида ўтказади.

«Ирислар» ҳимоячиси Жонжо Кенни эса фаолиятини «Селтик»да давом эттирадиган бўлди.

АПЛнинг бошқа клублари
«Вест Бромвич» «Сельта»дан туркиялик яримҳимоячи Окая Йокушлуни ҳам ижарага олди, «Саутҳемптон» ҳужумчиси Шейн Лонг «Борнмут»га ўтди, «Тоттенҳэм» «Бенфика»га Жедсон Фернандешни қайтарди, португаллар уни «Галатасарой»га ижарага бериб юборишди. «Тоттенҳэм»нинг захира дарвозабони Пауло Гассанига «Эльче»га ижарага берилди, «Фулҳем» «Бордо»дан Жош Майяни 10 млн еврога сотиб олди, «Уотфорд» Деннис Бергкампнинг ўғли, 22 ёшли Митчел Деннис Бергкампни ва Маурисио Почеттинонинг ўғли, 19 ёшли кичик Маурисио Почеттинони ўз сафига қўшиб олди.

Деле Алли эса баҳорни Жозе Моуриньо билан ўтказадиган бўлди – уни Парижга, Маурисио Почеттинонинг олдига қўйиб юборишмади. Лондонга қайтиши кутилган Кристиан Эриксен ҳам «Интер»да қолди.

Хедира 11 йил ўтиб Германияга қайтди

Туринда ўтган беш йилдан кейин Сами Хедира ватанига қайтди. Немис футболчиси фаолиятини айни вақтда Бундеслиганинг 15-ўрнида бораётган «Ҳерта»да давом эттиради. «Мен жисмонан ўзимни тетик ҳис қиляпман ва сўнгги бир неча йил давомида тўпланган тажрибамдан «Ҳерта»га ёрдам беришда фойдаланмоқчиман», деган «Бавария»нинг собиқ ҳимоячиси. Янги жамоада Хедира 28-рақам остида тўп суради.

Хедирадан ташқари «Ҳерта» ўз таркибини чап қанот вингери Неманья Радонич билан тўлдирди. Футболчи мавсум якунида сотиб олиш ҳуқуқи билан «Марсел»дан ижарага олинди. Transfermarkt.ru маълумотига кўра, трансфер қиймати 12 млн евро бўлади.

Зиркзее «Парма»га ижарага берилди

«Бавария» ҳужумчиси Жошуа Зиркзее фаолиятини «Парма»да давом эттиради. Итальян клуби 19 ёшли ҳужумчини кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олган. Расмий маълумотларга кўра, мюнхенликлар клуби ярим йиллик ижара учун 1,5 млн ерво олади, футболчини мавсум якунида сотиб олиш итальянлар клубига 15 млн еврога тушади. Sport Bild хабарига кўра, «Парма» футболчини мавсум якунида А Серияда қолсагина сотиб олиши мумкин.

2019 йил 11 декабрида Зиркзее «Бавария» сафида ЕЧЛ гуруҳ босқичи доирасида «Тоттенҳэм»га қарши кечган ўйинда дебют қилганди. Шундан буён нидерландиялик футболчи барча турнирлар доирасида 17 ўйинда майдонга тушиб, тўрт гол урган ва бир голга узатма берган.

«Аталанта»да МДҲдан яна бир вакил

 

Донецкнинг «Шахтёр» клуби яримҳимоячиси Виктор Коваленко «Аталанта»га ўтди. Transfermarkt.ru маълумотига кўра, итальянлар клуби украиналик футболчи учун 700 минг евро тўлаган. Футболчи билан 2025 йил ёзига қадар шартнома имзоланган. Коваленко жамоанинг энг юқори маош олувчи футболчисига айланди. Calcio e Finanza маълумотига кўра, украиналик футболчининг йиллик маоши миқдори 2 млн еврога тенг бўлади.

«Аталанта»да бунгача МДҲдан икки футболчи бор эди - «Шахтёр» тарбияланувчиси, украиналик Руслан Малиновский ҳамда россиялик яримҳимоячи Алексей Миранчук. 

Top