22:35 / 02.02.2021
6564

Сомалида президент ташриф буюрган қароргоҳ ўққа тутилди

2 февралга ўтар кечаси Сомали президенти Муҳаммад Абдуллоҳи Муҳаммад Дусамариб шаҳридаги ҳукумат қароргоҳида бўлган вақтда у ер миномётдан ўққа тутилди. 

Somali Guardian порталининг хабар беришича, миномётдан отилган 9та снаряднинг портлаши оқибатида 4 киши яраланган. Ҳукумат ҳужумни “Аш-Шабоб” террорчи гуруҳи амалга оширганини аниқлаган.  

Сомали президенти 1 февралда Дусамарибга мамлакатда ўтиши керак бўлган президент ва умумий сайловлар бўйича 5 нафар ҳудудий етакчи билан музокаралар ўтказгани келган. Муҳаммаднинг президент ваколатлари муддати 8 февралда тугаса-да, президент сайловлари ўтказилиши санаси етакчи сиёсий кучлар ўртасидаги зиддиятлар сабабли ҳали белгиланмаган. Бу орада амалдаги президент навбатдаги муддатга номзодини қўйишини билдирган. Сайловлар бўйича асосий йиғилишни 2 февралда ўтказиш режалаштирилганди.  

Воқеадан кейин пойтахт Могадишодан 400 км узоқликда жойлашган Дусамарибдаги ҳукумат қароргоҳи қўриқланиши кучайтирилган. Ҳарбийлар шаҳарни патруллашмоқда. 

Сомалининг Goobjook News портали хабар беришича, махсус кучлар қароргоҳнинг ўққа тутилишига алоқадор 3 жангарини бартараф этган. Улар орасида Дусамариб яқинида ҳаракат қилувчи жангарилар отрядининг қўмондони бор бўлган. Яна бир террорчи асирга олинган. 

Шунингдек, 2 февраль эрталаб Дусамариб аэропортида кучли портлаш содир бўлган. Таъкидланишича, Сомалининг қуруқликдаги қўшинлари штаби бошлиғи ўринбосарига суиқасд содир этилган.   

Top