Ўзбекистон | 09:20 / 03.02.2021
7371
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Садоқат ва матонат тимсоли» ордени таъсис этилади

Президентнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа хотин-қизларнинг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириш, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида иштирокини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.  

Ҳужжатда қайд этилишича, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида айрим муаммо ва камчиликлар мавжуд.

“Уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ҳамда бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар етарлича ташкил этилмаган. Мавжуд вазиятни таҳлил қилиш ва хотин-қизларга имконият ва шароитларни янада яхшилаш, давлат ва бошқа субъектлар томонидан кўрсатилаётган турли даражадаги ёрдам ва кўмакларни аниқ мақсадга йўналтириш мақсадида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасини ташкил қилиш зарурати мавжуд”, - дейилади лойиҳада.

Қайд этилишича, мазкур қарорнинг қабул қилиниши натижасида хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ҳамда бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар кучайтирилади. Мавжуд вазиятни янада чуқурроқ таҳлил қилиш ва хотин-қизларга шароитларни янада яхшилаш, давлат ва бошқа субъектлар томонидан кўрсатилаётган турли даражадаги ёрдам ва кўмакларни аниқ мақсадга йўналтириш имконияти пайдо бўлади.

Лойиҳада давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирок этаётган, мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларни рағбатлантириш механизмлари, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг таркиби ва унинг асосий вазифалари белгиланмоқда.

Шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий салоҳиятини оширишга қўшган ҳиссаси, илмий ва амалий соҳалардаги эришган ютуқлари учун рағбатлантиришни назарда тутувчи “Садоқат ва матонат тимсоли” орденини таъсис этиш кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳасига кўра, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси негизида Сенат ҳузуридаги Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиб, жамғарманинг Васийлик кенгаши вазифаларини амалга оширишни Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашига юклаш, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси орқали Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармасига   ва “Маҳалла ва оила” институтига давлат бюджетидан ажратиб келинган маблағлар 2021 йилдан бошлаб Молия вазирлиги томонидан тўғридан тўғри “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармасига ва “Маҳалла ва оила” институтига ажратилиши белгилаб қўйилмоқда.   

Шунингдек, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тузилмаси ва жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари  белгиланмоқда.   

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид