Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэл Макрoннинг таклифига биноан 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан қатор учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик ўрнатилди.

Тадбирнинг яна бир муҳим воқеаси Ўзбекистон президентининг Франция олий мукофоти – Фахрий Легион ордени билан тақдирлангани бўлди.

Хўш, бу қандай мукофот? У қачон таъсис этилган ва кимларга берилади? Шу каби саволларга жавоб излаб кўрдик.

Фахрий Легион ордени

Фахрий Легион ордени француз императори Наполеон Бонапарт томонидан таъсис этилган. 1802 йил 19 май куни Давлат кенгаши олий мукофот ҳақидаги қонунни қабул қилади.

Наполеон Бонапарт Францияда янги мукофот тизимини жорий қилиб, ҳарбий ва фуқаролик хизматларини тақдирлаш мақсадини кўзлаганди.

Кейинчалик, 1815 йилда Наполеон тахтдан ағдарилади. Унинг ўрнини эгаллаган Людовик ХVIII Фахрий Легион орденини сақлаб қолади.

Фахрий Легион ордени Франция фуқаролари билан биргаликда хорижий давлатлар фуқароларига ҳам берилади ва у мамлакатнинг олий мукофоти ҳисобланади.

Шунингдек, Францияда ушбу орденнинг берилиши алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади.

Фахрий Легион ордени Франция ва хорижий давлатлар фуқароларига қуйидаги хизматлари учун берилади:

·       Францияга катта фойда келтирган шахслар;

·       Қаҳрамонлик ва юксак ҳарбий хизматлари учун ҳарбийлар;

·       Илм-фан, санъат, адабиёт ва иқтисодиёт соҳаларида катта ютуқларга эришган шахслар ва бошқалар.

Қоидага кўра Франция фуқароси узоқ йиллар давомида давлат хизматида бенуқсон, хатоларга йўл қўймай ишласа ва жиддий муваффақиятларга эришса, Фахрий Легион орденини олиши мумкин. Ўшанда ҳам унга мукофотни беришни лозим топишса ва бир нечта босқичлардан ўтса, албатта.

Аммо алоҳида қаҳрамонлик кўрсатган ёки унвони юқори бўлган ҳарбийлар, жиддий муваффақиятга эришган бошқа шахслар дастлабки босқичлардан ўтиши шарт бўлмайди ва мамлакат раҳбари лозим топса, орден топширилади.