Ўзбекистон | 16:01 / 16.02.2021
26223
4 дақиқада ўқилади

Жомбойда «Қизил китоб»га киритилган Бухоро хонгули отиб ўлдирилди

Kun.uz таҳририятига Жомбой туманидаги Зарафшон миллий табиат боғида «Қизил китоб»га киритилган ноёб турдаги Бухоро хонгули отиб ўлдирилгани ҳақида хабар келиб тушди.

Зарафшон миллий табиат боғида Бухоро хонгули отиб ўлдирилгани ҳақида хабар бермоқда шу ҳудудда яшовчи фуқаро Жамшид Дўланов.

Жамшид Дўлановнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ўрмон ҳудудида тез-тез ўқ товуши эшитилиб туради. Ҳудуд раҳбари, қоровуллар, шунингдек «нозик меҳмонлар» тустовуқ ва паррандаларни овлаб юрганига бир неча марта гувоҳ бўлган. Бу ҳолатни у табиий қабул қилган, рухсат олинган бўлса керак, деб ҳисоблаган. «Аммо буғу овланганига биринчи марта гувоҳ бўлиб қолдим», дейди у.

«Жорий йил 8 феврал куни, соат 16:00 лар атрофида одатдагидек, ўқ товуши эшитилди. Шу атрофда бўлганим учун овоз келган томонга яқинлашдим. Боғнинг раҳбари, участка нозирлари ҳамда ҳайдовчи буғуни машинага ортишаётганини кўрдим. Шундан кейин буғуни дарё ёқасига олиб чиқишди ва терисини шилиб, гўштини олиб кетишди. Улар кийик терисини ташлаб кетишганидан сўнг ўша жойга яқинлашдим ва қўл телефоним орқали тери ва қон изларини тасвирга олдим», деди Жамшид Дўланов.

Дўланов кийик терисини Жомбой туман прокуратурасига топширганини ҳам билдирди. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари келиб ҳудудда ўрганиш олиб борган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, бу ноёб жонзот – Бухоро хонгули Ўзбекистон «Қизил китоби» ҳамда халқаро «Қизил китоб»га киритилгани билан ҳам аҳамиятли.

Умуман, Жомбой ҳудудига Бухоро хонгули дастлаб 1996 йилда олиб келингани айтилади. Ўша вақтлардаги манбаларга кўра, кийиклар дастлаб 26 дона бўлган. Сўнгги икки-уч йилда келтирилган маълумотларга таянадиган бўлсак, ҳудудда расман ўттизга яқин буғу боқилаётгани қайд этилган. Очиқда юрганларининг эса ҳисоб-китоби юритилмаган.

Дастлаб келтирилган буғуларнинг ярми (13-14 таси) урғочи бўлган деб фараз қилайлик, орадан 25-26 йил вақт ўтди. Кийик 12 ойда болалайди, барча ноқулайликлар, табиий ўлим ва бошқа ҳудудларга расман олиб чиқиб кетилганини инобатга олган тақдирда ҳам бугун Жомбой миллий табиат боғида нечта Бухоро хонгули бўлиши керак? Бу саволнинг жавобини мутахассислар бергани маъқул, албатта.

Дарвоқе, битта буғунинг нархи «қора бозор»да 30-36 миллион сўм туриши айтилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, мазкур боғда Зарафшон тилларанг қирғовули ҳам учрайди ва дунёдаги энг ноёб турлардан бири ҳисобланади.

Kun.uz Жомбой тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Обид Рустамов билан боғланди. У ҳақиқатан ҳам қўриқхона ҳудудида буғу ўлдирилгани ва айни вақтда ишни прокуратура ўрганаётганини тасдиқлади. «Буғуни ким ўлдиргани суриштирув давомида аниқланади», деди у.

Табиатни, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан тезкор муносабат кутиб қоламиз. Зеро, она табиатни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Анвар Мустафоқулов тайёрлади.

Мавзуга оид