Жаҳон | 13:31 / 17.02.2021
10121
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда ўзбек капитали иштирокида қанча корхона фаолият юритаётгани маълум қилинди

Фото: AP

Тожикистонда ўзбек капитали иштирокидаги 51 корхона рўйхатдан ўтиб фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Саъди Қодирзода 16 феврал куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Саъди Қодирзода ўзбек капитали асосида ишлаётган корхоналарга мисол тариқасида Душанбеда маиший техника ишлаб чиқарадиган қўшма корхонани ва автомобил ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатаётган «Равон Моторс Тажикистан» корхонасини келтирган.

Қодирзоданинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳудудида ўзбек капитали иштирокидаги корхоналар турли соҳаларда фаолият юритади ва уларнинг умумий улуши 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Қодирзода, чет эл капитали ҳажмини ошириш мақсадида хорижий инвесторлар, шу жумладан, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан мунтазам видеоконференциялар ўтказиб келинаётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, Давлат статистика қўмитаси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2020 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Тожикистон капитали иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 187 тани ташкил этади. Шундан, 81 та корхона 100 фоиз Тожикистон капитали иштирокида, 106 таси эса ҳар икки давлат тадбиркорларининг сармояси асосида қўшма корхона сифатида ташкил этилган.

Сўнгги йилларда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо алоқалари ривожланиб бормоқда. Ҳар икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори 2014-2020 йиллар давомида салмоқли ўсган. 2014 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 501,9 миллион долларни ташкил этган.

Мавзуга оид