Ўзбекистон | 16:47 / 20.02.2021
14692
2 дақиқада ўқилади

2020 йилда Ўзбекистонда 2 мингга яқин киши ЙТҲ қурбони бўлди

Ўтган йили республика бўйича 7 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Шундан 1689таси фожиали якун топди: уларда 1962 киши қурбон бўлди.

2020 йилда Ўзбекистонда жами 6 982та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу – бир йил олдинги кўрсаткич (8 092)дан 13,7 фоизга кам.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, ўтган йили ЙТҲлар натижасида 1 962 киши ҳалок бўлган. 2019 йилга нисбатан, ЙТҲ қурбонлари сони (2 094) 6,3 фоизга камайган.

Ўлим билан тугаган ЙТҲлар сони 12,9 фоизга (1 940тадан 1 689тага), ЙТҲларда жароҳатланганлар сони 16,8 фоизга (7 923 нафардан 6 591 нафарга) камайган.

2020 йилга оид бошқа статистикалар

ИИВ ЙҲХББ бўлим бошлиғи Илҳом Идировнинг 19 феврал кунги брифингда маълум қилишича, 2020 йилда ЙҲХ ходимларининг билдиргилари асосида ўтказилган тезкор тадбирларда ЙҲХ ходимига пора бермоқчи бўлган 70 нафар шахс ушланган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Хизмат олиб боришнинг самарадорлигини ошириш мақсадида 2020 йил давомида 428 та замонавий автомобиль харид қилинган.

109 та алкотестер, 120 та автомобил ойналарининг туси ўзгартирилганини аниқловчи «Тоник» мосламаси, 4 671 та кўп функционал жезл мосламаси ЙҲХ ходимларига фойдаланиш учун топширилган.

Бундан ташқари, ходимлар 188 та радиоалоқа (рация), 3 514 та планшет, 380 та махсус техника (мигалка) воситалари билан таъминланган.

Ўтган йили ЙҲХ ходимларига 4 076та бодикамера тарқатилган.

Қўшимча қилинишича, 2020 йил 21 июлдаги 629-сонли қонун билан 15 кун ичида тўланган маъмурий жарималар учун 30 фоиз чегирма қўлланадиган бўлди.

2020 йилда аукцион савдолари орқали сотиладиган давлат рақами белгилари тоифалари сони 3 тадан 6 тага, биржага қўйиладиган давлат рақами белгилари сони 65 тадан 328 тага кўпайтирилиб, аукцион савдолари орқали 98 898 та давлат рақами белгиси 243 185 752 000 сўмга сотилган.

Мавзуга оид