00:30 / 24.02.2021
10703

Ўзбекистонда Япония ва Туркия билан имзоланган бир неча миллиард долларлик лойиҳалар ижроси кечикаётгани айтилди

Республикада Япония билан имзоланган салкам 2,6 миллиард долларлик 19 та келишув, Туркия билан ҳамкорликдаги қиймати 107 миллион долларга тенг 12 та лойиҳа кечикиб бажарилмоқда.

Фото: Senat.uz

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов Ўзбекистоннинг Туркия ва Япония билан 2019-2020 йиллар учун имзоланган савдо-иқтисодий ва инвестицияга оид лойиҳалари ижроси тўғрисида ахборот берди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, Сенат ишчи гуруҳи ўрганишлари натижасида мазкур келишувлар бажарилишида бир қанча камчиликларга йўл қўйилгани, ўнлаб лойиҳалар амалга ошиши кечикаётгани аниқланган.

Япония

«Мамлакатимизнинг муҳим ҳамкори Япония давлати билан имзоланган, «йўл харитаси»га киритилган салкам 4,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 40 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган эди. Шундан салкам 2,6 миллиард долларлик 19 та келишув кечикиб бажарилмоқда. Бунда энг катта оқсаш Энергетика ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликларида кузатилмоқда.

Энергетика вазирлигига тегишли умумий қиймати 1,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган «Навоий» ИЭСда қуввати 650 МВтга тенг учинчи буғ-газ қурилмасини ўрнатиш» ва «Энергетика сектори салоҳиятини ривожлантириш (2-босқич)» лойиҳалари белгиланган муддатларда амалга оширилмаётгани аниқланди.

Бундан ташқари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъул бўлган «Республиканинг 5 та шаҳрида (Бухоро, Нукус, Урганч, Фарғона ва Қувасой) когенерация технологияларини жорий этиш» лойиҳаси ижросида ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин. Ушбу лойиҳа қиймати 784 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Шу билан бирга, Япония бўйича имзоланган инвестиция келишувларида ижроси умуман тўхтаб қолган лойиҳалар ҳам мавжуд. Булар умумий қиймати 109 миллион долларга тенг 4 та лойиҳадир.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ва Ўзбекистон Миллий банкига тегишли қатор лойиҳалар шулар жумласидандир», – деди раис 23 феврал куни ўтказилган қўмита йиғилишида.

Туркия

Маълум бўлишича, Туркия билан имзоланган умумий қиймати 608,3 миллион долларлик 49 та лойиҳадан 107 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 12 та лойиҳа ижроси белгиланган муддатлардан кечикиб бажарилаётгани аниқланган.

«Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги масъул этиб белгиланган Термиз туманидаги «Органик Лимон» МЧЖ негизида гидропоника усулидаги лимон етиштиришга ихтисослашган иссиқхона ва Термиз шаҳрида замонавий турар жой комплексини ташкил этиш лойиҳалари ижросида камчиликлар кузатилмоқда. Ушбу 2та лойиҳанинг умумий қиймати 79 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Шунингдек, «йўл харитаси»да белгиланган умумий қиймати 223 миллион АҚШ долларига тенг 7та лойиҳа ижроси тўхтатилган. Бунда энг юқори кўрсаткич Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли.

Вазирлик масъул бўлган «Республикада электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий қилиш инвестиция лойиҳаси» хорижий ҳамкорнинг салоҳияти йўқлиги сабабидан амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган. Лойиҳа қиймати – 200 миллион АҚШ доллари. Бу маблағ «йўл харитаси»га киритилган барча лойиҳалар қийматининг учдан бир қисмини ташкил этади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат геология қўмитасига тегишли бўлган бир қатор лойиҳалар ҳам амалга оширилмаяпти», – деди Равшанбек Алимов.

Ўтган йили Самарқандда 1,5 триллион сўмлик 10та лойиҳани амалга ошириш муддати кечикаётгани хабар қилинган эди. Унда ҳам бир неча давлатлар қаторида Туркия билан келишилган лойиҳаларни амалга ошириш муддати кечикаётгани айтилган.

Top