Ўзбекистон | 11:54 / 25.02.2021
15684
4 дақиқада ўқилади

Жиззахда қурилиш талабларини бузган бир қанча компанияларга чора кўрилди

Жиззахда қурилиш талабларини бузган ва қурилаётган объектни экспертизадан ўтказмаган компанияларга нисбатан чора кўрилмоқда.

Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, 2021 йилнинг январида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган пудрат ташкилотлар «Арслон Шамшод» хусусий корхонаси, «Маҳфуза-О», «Колорит синтез» ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилотлари «Асилбек Пауер Прожект» МЧЖга битта ҳолат бўйича ва «Гранд супер прожект» МЧЖга 5та ҳолат бўйича Жиззах вилоят Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан берилган кўрсатмаларни ўз вақтида бажармагани аниқланган ҳамда ушбу ишлар бўйича ҳужжатлар йиғилиб, Ғаллаорол туман судига юборилган.

Жумладан, Жиззах шаҳар «Алишер Навоий» маҳалласида жойлашган бош пудратчи «Қангли қурилиш материаллари» МЧЖ бўлган 4 қаватдан иборат 3-4 хонали 32 хонадонга эга 14-сонли турар жой биноси қурилиш объектининг лойиҳа ҳужжатлари «ЎзШаҳарсозликЛИТИ» давлат унитар корхонаси томонидан 2014 йил ишлаб чиқилиб, турар жойнинг 1-2-йўлагида жойлашган 16та хонадонда қурилиш монтаж ишлари тугатилган.

Бинонинг қолган қисмларида эса қурилиш монтаж ишлари давом этмоқда. Аммо бинонинг олд томонида пудрат ташкилот томонидан бино олдидан кўча томонга 6.0 п/м қўшимча ерга пойдевор қўйиш ишлари бажарилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Бундан ташқари, буюртмачи ва пудратчи «Қангли қурилиш материаллари» МЧЖ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, яъни шаҳар Архитектура бошқармаси кенгашидан ўтказилмаган.

Лойиҳа учун экспертиза хулосалари олинмасдан, ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Ушбу ҳолат бўйича Жиззах вилоят Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан қурилиш монтаж ишларини тўхтатиш бўйича буюртмачига кўрсатма берилган ва йиғилган ҳужжатлар Жиззах шаҳар прокуратурасига юбориш учун тайёрланмоқда.

Шунингдек, яна ушбу манзилда жойлашган (қурилиши тугалланмаган) 7 қаватли меҳмонхона биноси қурилиши буюртмачи ва пудратчи «Агростандартплюс» МЧЖ томонидан олиб борилмоқда. Объект тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига кўра 7 қават қурилиши талаб этилган бўлса-да, бинога қўшимча 8-қават қурилиши бошлаб юборилган, буюртмачи бинога киритилган ўзгаришларни шаҳар Архитектура қурилиш бошқармаси билан келишувдан ўтказмаган, лойиҳа учун ижобий экспертиза хулосалари олинмаган.

Ушбу ҳолат бўйича буюртмачи ташкилот «Агростандартплюс» МЧЖга ва лойиҳачи ташкилот «Жиззах бунёдкор лойиҳа» МЧЖга нисбатан ҳужжатлар тўпланиб, маъмурий жавобгарлик бўйича суд органларига юборилган. Жумладан, объектда қурилиш монтаж ишларини тўхтатиш бўйича инспекция томонидан кўрсатма берилган.

Таъкидланишича, Жиззах вилояти ҳудудида 2021 йил 15 феврал ҳолатига кўра жами 65та тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган қурилиш объектлари инспекция томонидан рўйхатга олинган. Тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилаётган уй-жойлар таҳлил қилиб кўрилса, тадбиркорлар орасида ҳар хил соҳа вакиллари бор ва бу улар томонидан олиб борилаётган қурилиш объектларида ички ва техник назорат ишларини олиб бориш имкониятлари етарли эмаслигини кўрсатмоқда.

Ҳозирда Жиззахда соҳа мутахассислари, яъни қурилиш муҳандислари етишмаслиги кўп кузатилаётгани, шаҳарсозлик соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорларнинг баъзиларида қонунчилик нормалари ва талабларини билмаслик ёки ҳуқуқий савод етишмаслиги ҳам юзага чиқаётгани қайд этилган.

Шу боис, вазирлик томонидан тадбиркор қурувчилардан амалдаги қонунчиликларни тушунган ва бошқалар тақдирини ҳам ўйлаган ҳолда қурилиш назорат инспекцияси мутахассислари томонидан талаб этилган кўрсатмалар ижросини ўз вақтида ва ўрнида бажаришлари сўралган.

Бундан аввалроқ Тошкент вилоятида учта кўп қаватли уй, савдо мажмуаси ва божхона терминали ноқонуний равишда қурилаётгани аниқлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид