Жаҳон | 20:26 / 28.02.2021
2679
1 дақиқада ўқилади

Германия Covid-19 сабабли Франция билан чегарада назоратни кучайтиради

Германия ҳукумати эпидемиологик вазият ёмонлашаётгани сабабли Франция билан чегарада талабларни кучайтиради. 

Фото: DPA

Spiegel ахборот агентлигининг хабар беришича, Германия соғлиқни сақлаш вазирлиги Франциянинг Мозел департаменти 2 март куни соат 0.00дан бошлаб коронавирус кенг тарқалган ҳудуд деб ҳисобланишини маълум қилди.

Таъкидланишича, ушбу ҳудудда 2020 йил октябрда коронавируснинг Жанубий Африка тури аниқланган.

Янги қоидаларга кўра, Германияга кирадиганлар 48 соатдан ошмаган вақт ичида коронавирусга топширилган манфий тест тақдим қилишлари керак.

Бундан ташқари, Мозелдан Германияга авиа-, темир йўл ва автобус алоқаси тўхтатилади. 

Бу орада Франция Германияни Мозелда чегарани ёпмасликка чақирди. Франция ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Европа ишлари бўйича бош котиб Клеман Боннинг таъкидлашича, вазирликда ушбу ҳудудда яшовчи ва ҳар куни Германияга ишлаш учун қатновчи 16 минг кишини ҳимоя қилишмоқчи.

Боннинг айтишича, Франция Германия томонидан чекловлар максимал юмшатилишини кутмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид