Жаҳон | 10:00
711
3 дақиқада ўқилади

Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади

Германия ҳукумати Украина Қуролли кучларини ўқ-дори билан таъминлаш мақсадида Чехия ташаббуси доирасида қўшимча 300 миллион евро ажратишини маълум қилди. Берлин ушбу маблағ ҳисобидан тахминан 50 минг дона ўқ-дори сотиб олинишини режалаштирмоқда.

Фото: Elisa Schu/dpa/picture alliance

Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Борис Писториус Чехия мудофаа вазири Яромир Зуна билан Берлинда бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ажратилаётган маблағ Украина армияси учун қўшимча равишда қарийб 50 минг дона ўқ-дори харид қилиш имконини беради.

Германия ташаббуснинг энг йирик донори ҳисобланади

Германия ҳозирда Чехия бошчилигида амалга оширилаётган ўқ-дори харид қилиш дастурининг энг катта молиявий ҳамкорларидан бири саналади. Фақат 2025 йилнинг ўзида Берлин мазкур ташаббус учун жами 1 миллиард евро маблағ ажратган.

Чехия ташаббуси Украина учун зарур бўлган артиллерия снарядларини Европа Иттифоқига кирмайдиган учинчи давлатлардан сотиб олишни назарда тутади.

Чехия 2026 йилгача Украинага миллионлаб снаряд етказиб беришни режалаштирмоқда

Мазкур дастур 2024 йил февралида Чехиянинг собиқ бош вазири Петр Фиала қўллаб-қувватлови билан ишга туширилган эди.

2025 йил декабрида ҳукумат раҳбарлигига Андрей Бабиш келгач, ташаббус тақдири бўйича баҳслар пайдо бўлган. Янги ҳукумат дастурни бекор қилиш имкониятини ҳам кўриб чиққан. Бироқ кейинчалик Прага лойиҳани давом эттиришга розилик билдирган, аммо Чехия бюджети ҳисобидан маблағ ажратмаслик шартини қўйган.

Чехия Мудофаа вазирлиги май ойи охирида мавжуд шартномаларга мувофиқ, 2026 йил охирига қадар Украина Қуролли кучларига тахминан 1 миллион дона снаряд етказиб берилиши режалаштирилганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Украина армияси аллақачон 500 мингга яқин ўқ-дори қабул қилиб олган.

Лойиҳани молиялаштирувчи давлатлар сони қисқарган

Чехия президенти Петр Павел Financial Times нашрига берган интервьюсида ташаббусни молиялаштираётган мамлакатлар сони сўнгги бир йил ичида сезиларли камайганини таъкидлади.

Унинг айтишича, 2025 йилда лойиҳани 18 давлат қўллаб-қувватлаган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 9 тага тушиб қолган.

Президентнинг билдиришича, ушбу ташаббуснинг келгуси тақдири 7–8 июль кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган НАТО саммитида муҳокама қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид