11:48 / 28.02.2021
54999

Tesla мафияси: Илон Маскнинг собиқ ходимлари унинг рақобатчиларига айланмоқда

Илон Маск нафақат электромобиллар бозорида инқилоб ясади, балки у миллиардлаб долларлик активларга эга рақобатчиларни ҳам яратди. Forbes қримлик новатор, «Бонд автомобили» муаллифи ва Tesla булоғидан сув ичган ҳамда кейинчалик собиқ раҳбари йўлида пайдо бўлган одамлар ҳақида ҳикоя қилади.

PayPal нафақат онлайн тўловлар соҳасидаги кашшофлиги билан, балки ўзига хос хос мафияси билан ҳам донг таратган – унинг собиқ ходимлари кейинчалик кўплаб стартапларнинг асосчилари ёки сармоядорларига айланишган. Yelp’дан то LinkedIn’гача, Palantir ва Affirm ҳам.

Бу гуруҳнинг энг атоқли «хўжайини» Илон Маск кейинчалик ўзига рақобатчилик қиладиган ўзига хос янги «мафия» тузган. Tesla’нинг ўнлаб собиқ ходимлари айни дамда Proterra ва Rivian каби бошқа электротранспорт компанияларида жавлон уришмоқда. Маскнинг яна бир неча собиқ ходими ўз стартапларини йўлга қўйиб, электромобиллар ва аккумуляторлар ишлаб чиқаришмоқда. Уларнинг мақсади 6 триллиондан ортиқ маблағ айланадиган дунё автосаноатини ўзгартириш ҳисобланади.

«Буни Tesla’нинг ёлғиз ўзи қилолмайди», дейди Питер Роулинсон. Ўтмишда у Tesla Model S’нинг бош муҳандиси бўлган, ҳозирда ўзининг Lucid э-мобилини ишлаб чиқармоқчи. «Маскка рақобат керак», дея ишончи комил унинг.

«Бу яхши ҳамжамият. Мен собиқ ҳамкасбларим турли соҳаларда қанчалар муваффақиятли ва таъсир доираси кучли бўлиб кетганига гувоҳ бўлаётганимдан жуда мамнунман», дейди ҳайдовчисиз бошқариладиган Aurora автомобиллари ҳаммуассиси Стерлинг Андерсон. Андерсон Tesla’ни 2016 йилда тарк этганди.

Роулинсон, Андерсон ва Tesla’нинг яна уч собиқ ходими автосаноатни электрлаштириш ва автоматлаштиришда Илон Маскка рақобатчи бўлишга тайёр (ёрдам беришга ҳам). Уларнинг компанияларининг умумий бозор қиймати 30 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда. Бу 780 миллиард долларлик Tesla’га солиштирганда денгиздан бир томчидек. Бироқ бу ҳали бошланиши.

Стерлинг Андерсон

Aurora Innovation, ҳаммуассис ва ишлаб чиқариш директори

Массачусетс технология институтида (MIT) таълим олган олим Стерлинг Андерсон Tesla’га 2013 йил келганди. У Model X кроссовери устида ишлаган ва ҳайдовчисиз бошқариладиган Autopilot дастурига раҳбарлик қилган. «Бу худди окопларда бирга жанг қилиш каби. Бундай қийин вазиятларда одамлар энг мустаҳкам ришталарни боғлайдилар», дейди у Tesla’даги фаолиятини ёдга оларкан.

Андерсон 2016 йилда Aurora Innovation ҳайдовчисиз автомобиллар устида ишлаш учун Tesla’дан кетади. Унинг жамоасига Google’нинг ҳайдовчисиз автомобиллар ишлаб чиқиш бўлими собиқ бошлиғи Крис Урмсон ва Карнеги-Меллон университетининг сунъий онг бўйича тадқиқотчиси Дрю Бэгнелл ҳам қўшилади. Aurora сармоядорлардан 1 миллиард доллар олади ва 2020 йилнинг декабрида пилотсиз Uber’ни сотиб олиб, бу соҳада етакчи бўлиш имкониятларини оширади. Ҳозирда компания Uber, Paccar ва Toyota билан техник ҳамкорликни йўлга қўйган. Uber билан имзоланган битимдан сўнг Кремний водийсининг бу стартапининг бозор нархи 10 миллиард долларгача кўтарилди.

Жин Бердичевский

Sila Nanotechnologies ҳаммуассиси ва бош директори

Бердичевский Tesla’га 2004 йилда келган ва компаниянинг еттинчи ходими бўлган. У Roadster номли илк автомобил аккумулятори устида ишловчи бош муҳандис этиб тайинланган. Автомобил яратилиш жараёнида Бердичевскийни анча арзон ва самаралироқ бўлган литий-ионли аккумуляторлар қизиқтира бошлаган. «Roadster чиққанидан сўнг олдимда компанияда қолиб Model S устида ишлаш ёки ўз компаниямга асос солиш танлови турарди», дейди у.

2008 йилда Бердичевский Tesla’ни тарк этган, 2011 йилда эса Sila Nano лойиҳасига асос солган. Ўшандан бери унинг компанияси аккумуляторлардаги қимматроқ хомашё – графит ўрнини босувчи кремнийли анод ишлаб чиқади. Компания берган баёнотга кўра, бу материал Tesla ва бошқа э-мобил ишлаб чиқарувчилар фойдаланаётган аккумуляторлар самарадорлигини камида 20 фоизга, кейинроқ эса 50 фоизгача ошириши мумкин. Стартап 930 миллион доллар сармоя жалб қила олди. Сармоянинг 590 миллиони январда тўпланди. Ўшанда Sila Nano 3,3 миллиард долларга баҳоланди ва 2024 йилда ишга туширилиши мўлжалланган энг йирик заводга маблағ олди. «Биз узоқ йўл юрдик, лекин умуман олганда менга бу иш билан шуғулланиш ёқяпти», дейди тадбиркор.

Дарвоқе, Бердичевский Севастополда туғилган ва 9 ёшида АҚШга кўчиб кетган.

Ҳенрик Фискер

Fisker Inc. ҳаммуассиси ва бош директори

Бир пайтлар Жеймс Бонднинг BMW родстер-кабриолети дизайнини яратган ва Aston Martin’да дизайнинг билан шуғулланган таниқли дизайнер Tesla’да Model S лойиҳасида ҳам маслаҳатчи бўлган. Унинг дизайни Илон Маскка ёқмаган ва 2008 йилда у Фискерни жосусликда айблаб судга беради. Фискер иддаони рад этган, Маск эса судда ўз даъвосини исботлаб бера олмаган.

Tesla’га рақобатчи бўлишга илк уриниш Fisker Automotive стартапи билан бўлган. У электр-бензин гибрид моторли люкс классдаги Karma автомобилини бозорга чиқармоқчи бўлган. Бироқ унинг лойиҳаси бир қатор муаммолар туфайли муваффақиятсизликка учраган – аккумуляторлар ёниб кетган, йиғишдаги камчиликлар ва ҳатто 2012 йилда содир бўлган довулда бир неча автомобиллар йўқолиб ҳам қолган. 2014 йилда Фискер лойиҳани тугатган.

У бозорга Fisker Inc. компанияси билан қайтиб келди. Фискер бошланғич нархи 37 500 доллар турувчи Tesla Model Y’нинг бевосита рақобатчиси бўлган Ocean электр йўлтанламасларни сотмоқчи. 2020 йилда акцияларини биржага чиқарган Fisker Inc. савдони бир йил ўтиб бошламоқчи. Компания капитализацияси 4 миллиард долларни ташкил этади ва сармоядорлар яна 1 миллиард бериши кутилмоқда. «Аслини олганда, автосаноат Кремний водийси пул тикиши керак бўлган ёхуд истаган соҳа эмас. Tesla бу муаммони тезда бартараф эта олди. Илон Маск Tesla’да PayPal’дан орттирган кўп пули бўлган пайтда ишлашни бошлади ва бу иш берди. Кейин 2010 йилда у компанияни биржага олиб чиқди. Бизда ҳаммаси ўзгача бўлганди», дейди Фискер Fisker Automotive’даги молиявий муаммоларни эсларкан.

Питер Роулинсон

Lucid Motors ҳаммуассиси ва бош директори

Jaguar ва Lotus’даги кўп йиллик фаолиятидан кейин Роулинсон 2009 йилда Tesla’га келди. Улар Маск билан биргаликда аъло даражада чиқишиб кетишди. Бошида. «Икковимиз ҳам технология ва муҳандислик ишида чўққига чиқиш истагида ёнар эдик ва мукаммалликнинг чегарси йўқ эди», деб ҳикоя қилади Роулинсон. У Tesla Model S электроседанининг бош муҳандиси бўлган. Tesla Model S 2012 йилда сотувга чиқиб, электрокарлар бозорида янги марраларни забт этганди.

Ўша йили Роулинсон компанияни тарк этди: у касалманд онаси ёнида бўлиши лозим эди. У Маск ва Model X лойиҳасидан бир неча бор ҳафсаласи пир бўлди. Ҳозирда Роулинсон Калифорния штатининг Ньюарк шаҳрида электромобиллар ишлаб чиқарувчи Lucid Motors стартапига раҳбарлик қилмоқда. Lucid Motors Саудия Арабистонидан 1,3 миллиард доллар олди ва шу баҳорда ҳашаматли Air седанлари савдосини йўлга қўяди. Air бир зарядда 800 километрдан ортиқ юра олади ва нархи ҳам арзон эмас – 169 000 доллардан бошланади. «Мен Tesla’га рақобатчи эмасман. Мен Mercedes-Benz билан мусобақалашаман», дейди Роулинсон.

Жей Би Страубел

Redwood Materials ҳаммуассиси ва бош директори

Страубел Маск каби Tesla’нинг муассисларидан бири эди. У илк кунларданоқ компаниянинг техник директори бўлиб ишлади ва 2019 йилда кетди. У ўз электромобилларини ишлаб чиқариш ва атмосферага чиқаётган карбонат ангидрид гази чиқишини камайтириш орзусида эди.

Энди унинг Redwood Materials стартапи Tesla ва бошқа автомобил ишлаб чиқарувчиларнинг машиналари аккумуляторларидан қолган литий, кобальт ва никел металлари чиқиндихонага тушмаслиги учун қайта ишлаш билан шуғулланади. 2020 йилнинг сентябрида Невада штатининг Карсон-Сити шаҳрида жойлашган ушбу компания сармоядорлардан 40 миллион доллар жалб қилгани ҳамда қайта ишлаш лойиҳалари бўйича Panasonic ва Amazon билан ҳамкорлик қилиш бошланганини эълон қилди.

«Иқлим ўзгаришлари билан курашиш учун биз маҳсулотларимизнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришмиз керак», деб баёнот берган Страубел маблағ йиғиш жараёнида.

«Страубел Tesla’даги ҳиссаси ва Бейтс сармоя киритган QuantumScape’да директорлар кенгаши аъзоси сифатида олган акцияларини сақлаб қолган деб ҳисобласак, унинг бойлиги ҳозирги кунда 1 миллиард доллар атрофида», деб ҳисоблаган Forbes.

Top