22:15 / 01.03.2021
6810

Туркиядаги курортлардан бири 500 кунга ёпилмоқда

Фото: ntv.com.tr

Туркиянинг Чанаккале вилоятидаги Aссос курорт шаҳрининг қадимий инфратузилмаси сайёҳлар учун хавф туғдира бошлаган. Шу сабабли шаҳарда таъмирлаш ишлари олиб борилади ва у 500 кунга ёпилади, деб хабар берди NTV телеканали.

Таъкидланишича, шаҳар устида турган қоялар қулашни бошлаган ва вақти-вақти билан тош кўчкиларини келтириб чиқармоқда. Вазият Туркия соҳилларида охирги вақтларда сейсмик фаолликнинг кучайиши натижасида мураккаблашмоқда.

Тош ўпирилишларининг олдини олиш учун хавфли қояларни уриб майдалаб ташлаш ва қоялар устига пўлат тўр ётқизиш кўзда тутилган. Ярим йил давом этиши кутилаётган таъмирлаш ишлари давомида қадимий шаҳардаги камида 19та сайёҳлик инфратузилмаси, жумладан меҳмонхоналар, хостеллар, ресторан ва кафелар, чой боғи ва музқаймоқ дўкони ёпилади.

Эски портдаги ресторанлардан бирининг бошқарувчиси Тоҳир Ченавку тадбиркорлар таъмирлаш ишларига қарши бўлмаслигини айтган.

“Биз хавфни англаяпмиз. Ёзда қоялар қулаши хавфига дуч келмасдик. Қишда эса бундай хавф мавжуд. Қишда сайёҳлик мавсуми бўлмагани сабабли, мижозлар ҳам бўлмайди. Шу сабабли таъмирлаш ишларини қишда амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз”, деб айтган тадбиркор.

Аввалроқ Туркия март ойидан коронавирусга нисбатан чекловларни юмшатиши хабар қилинганди.

Top