Иқтисодиёт | 11:27 / 01.03.2021
41301
8 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов: Солиқ қўмитаси ҳаракатлари – соғлом фикр ва қонунни мазах қилиш

Эксперт Юлий Юсупов Давлат солиқ қўмитасининг «обналчи»ларга қарши кураш бошлагани юзасидан Kun.uz′га ўз фикрларини баён этди.

«Келинг, аввал бошдан таъкидлаб қўяйлик, солиқлар тўланиши керак, ноқонуний битимларга қарши курашиш шарт. Лекин бу ишлар қонуний тарзда амалга оширилиши керак. Солиқ қўмитасининг сўнгги ойдаги ҳаракатлари эса, фикримча — соғлом фикр ва қонунни мазах қилиш, бу «аввал жангни бошлаб олайлик, уёғини кейин кўрамиз» принципи билан бизнес ва бозор иқтисодиётига чинакам «қизил гвардиячилар ҳужуми»нинг ўзгинаси.

Нималар содир бўляпти?

1. ДСҚ «риск-таҳлил» натижасида 396 корхонадан иборат (кейинчалик 525тагача кенгайтирилган) «Шубҳали контрагентлар реестри»ни тузган. Уларнинг шахсий кабинетларига «қўшилган қиймат солиғи суммаларининг асоссиз зачётини тўғрилаш» ҳақида билдиришномалар жўнатилган ёки жўнатилади.

«Риск-таҳлил» нима? Бу — маълум бир юзаки белгиларга асосланиб корхоналарни алоҳида гуруҳга ажратиш (масалан, «юридик манзилининг тез-тез ўзгариб туриши», «солиқ тўловчининг кўрсатилган манзили банкрот деб топилган уч ва ундан ортиқ юридик шахсларники билан бир хиллиги», солиқлар бўйича қарздорликлар тўпланиб қолгани). Санаб ўтилган белгилар мазкур рўйхатга тушган корхоналарнинг бошқа корхоналарга нисбатан қонунларни бузиши, солиқларни тўламаслиги эҳтимоли юқори эканлигидан билвосита далолат беради. Жаҳон амалиётида риск-таҳлил келгусидаги текширувларда диққат қаратилиши лозим бўлган тадбиркорлар гуруҳини ажратиб олиш учунгина амалга оширилади. Фақатгина шу учун. Бироқ, риск-таҳлил натижалар асло унинг мезонлари остига тушган фирмалар қонунни бузгани ва улар жазоланиши кераклигини англатмайди. Фақатгина тегишли текширувлар, тергов-суриштирув ҳаракатлари ҳамда суд қарорларидан кейингина улар қонунбузар деб тан олиниши мумкин.

ДСҚ мантиғига кўра, «реестр»га тушган компаниялар ҚҚС зачётини тўғрилаш билан жазоланади ва энди уларнинг ўзи ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаганини исботлаши керак. Бошқача айтганда, Солиқ қўмитаси бутун жаҳонда қабул қилинган айбсизлик презумпциясини бекор қилиб, уни айбдорлик презумпцияси принципига алмаштирди.

2. Аммо бу «ҳолваси». ДСҚ янада авжига чиқди. Барча «шубҳали контрагентлар» ёппасига «обналчилар» деб аталди (гарчи уларнинг «шубҳалилик» белгилари корхоналар айнан пулларни нақдлаштириш билан шуғулланганини кўрсатмаса-да), улар билан ишлаган 10 мингта компания эса мутлақо қуруқ гап билан «маблағларни нақдлаштириш ва тўланадиган солиқ суммасини камайтириш мақсадида «обналчи фирмалар» хизматидан фойдаланганлар» сафига қўшиб қўйилди. ДСҚнинг бу хулосасига сабаб нима? Тушунарсиз. Энди минглаб тадбиркорлар тўғридан тўғри исботларсиз, текширувларсиз ва суд қарорларисиз жиноятда айбланмоқда.

3. Боз устига, ўша 10 мингта корхонанинг шахсий кабинетига ҳам «қўшилган қиймат солиғи суммасининг асоссиз зачётини тўғрилаш» бўйича тегишли билдиришномалар жўнатилган. Уларнинг ҳисоб-рақамлари музлатилиб, 915 миллиард сўмлик маблағлар ечиб олиниши ҳақида қарор қабул қилинган. Бу ақл бовар қилмас ҳолат: суд қарорисиз ҳисобрақамлар музлатилиб, пуллар ечиб олинмоқда. Шунчаки, бу корхоналарнинг ҳам эмас, уларнинг ҳамкорларига нисбатан туғилган шубҳалар асосида! 

Тўғри, тадбиркорларга ҳам айбдор эмасликларини исботлашга лутфан изн берилди: улар ўз ҳаракатлари қонуний бўлганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари лозим бўлади (лекин бунақасини исботлаш одатда жуда қийин, айрим ҳолларда имконсиз). Яъни айбсизлик презумпцияси принципи яна четга чиқяпти. Бу ҳолатда тадбиркорларнинг бир қисми «ўзларининг айбсизлиги, қонун доирасида ишлаганини тасдиқловчи ҳужжатлар йиғилганига қарамасдан, уларнинг ҳисобрақами музлатилиб, пуллар ечиб олингани»ни таъкидлашди.

Мен ҳали тадбиркорлар энди ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоялаш учун вақт, куч, пул (суд жараёнлари бизда арзон эмас) сарфлаши кераклигига мухтасар тўхталмаяпман. ДСҚга мамлакат инвестиция муҳитини «яхшилаш» йўлидаги улкан ҳиссаси учун раҳмат! Энди инвесторлар тиним билмай эшик қоқа бошласа керак...

ҚҚСнинг нима дахли бор?

ҚҚС зачёти бекор қилиниши билан боғлиқ воқеаларда менга баъзи нарсалар тушунарсиз. Ҳаттоки «шубҳали контрагентлар» билан тузилган битимлар сохта бўлиб, реал товарлар ва хизматлар харид қилинмаган бўлса-да (эслатиб ўтаман, буларнинг бариси ҳеч қандай исбот билан тасдиқланмаган фаразлар), нега зачёт бекор қилинмоқда?

  • «Шубҳали контрагентлар» ҚҚС тўламаган-у, улар томонидан тақдим этилган молиявий ҳужжатлар сохтами? Бунга исбот борми? Бўлиб ҳам, зачёти бекор қилинган барча 10 мингта ҳолат бўйичами?
  • Агар шундай исбот бўлган тақдирда ҳам, уларнинг товарлари ва хизматларини сотиб олган харидорларда нима айб? Улар ҚҚС олдинроқ тўланмаганини қаердан билиши мумкин? Сохта ҳужжатлар берувчи фирибгарларни аниқлаб, уларни жавобгарликка тортиш ДСҚнинг вазифаси эмасми? Қўмита нимага асосланиб бизнесни ўзи қилган айби учун жазоламоқда?
  • Агар солиқ тўланган бўлса, нега зачёт бекор қилинмоқда? Ахир солиқ тўланган-ку? Бу ҳолда ДСҚ ўз хатти-ҳаракатлари билан бир солиқни икки марта тўлашни талаб қилиш мумкин эмаслигини назарда тутувчи ҚҚС тизимини шунчаки барбод қилмоқда. Яъни шунча меҳнат билан яратилган ҚҚС занжирини йўқ қилмоқда.

«Битим тузилаётганда уёқ-буёққа қараш кераклиги» ҳақида гапирадиган бўлсак, Реестр 2021 йилда эълон қилинди. Тадбиркорлар ўзлари 2020 йилда ҳамкорлик қилган компаниянинг «шубҳали» эканлигини қаердан билсин? Ёки ДСҚ вақт машинасини ихтиро қилиб, солиқ тўловчиларга ундан фойдаланишни ўргатиб қўйганми? Яъни Солиқ қўмитаси яна бир асосий юридик принципни бузган: «қонун (бу ҳолатда қонун ҳам эмас, ДСҚнинг тавсиявий топшириғи) ортга қайтиш кучига эга эмас».

Пулларни нақдлаштириш ва хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш муаммолари ҳақида

Агар қандайдир компания «обналчи»лар хизматидан фойдаланаётган экан, улар нега бу ишга қўл ураётганини аниқлаш керак. Юридик шахслар томонидан товарлар ва хизматларга нақд пул тўлаш ривожланган дунёда кенг тарқалган амалиёт. Ўзбек компаниялари бу иш билан қонуний асосларга кўра шуғуллана олмаслиги ва ноқонуний битимларга қўл уришга мажбур бўлаётгани — меъёрий-ҳуқуқий базамиз ҳамда давлат томонидан тартибга солиш амалиётининг муаммосидир. Бизнесга ўз маблағларини нақдлаштириш ҳамда битимларга нақд пул тўлашнинг қонуний механизмларини тақдим этинг — «обнал» муаммоси кескин камаяди.

«Обнал»нинг бошқа сабаби — хуфиёна пул айланмасининг катталиги ва солиқлардан қочиш. Хуфиёна иқтисодиётга қарши албатта курашиш керак. Бироқ, биринчидан, «қизил гвардияча босқинлар» билан эмас, қонуний усуллар билан. Иккинчидан, аввало хуфёна иқтисодиётни пайдо қилаётган сабабларга қарши курашиш керак. Сабабларнинг аксарияти эса бизнес учун «нотенг ўйин қоидалари» (кимлардадир имтиёз бор, кўпчиликда эса йўқ), юқори солиқ юкламаси, бизнес учун ўзини оқламаган маъмурий тўсиқлар ва тақиқларда мужассам.

Сабабларни бартараф этиш керак, оқибатларни эмас. Оқибатлар билан курашиш, биринчидан, узоқ муддатли самара бермайди, иккинчидан эса, давлат органларининг ҳаддан зиёд ваколатлари ва суиистеъмолчиликлари манбайига айланади. Бинобарин, хуфёна иқтисодиёт ва коррупцияга янада йўл очади. Бошқача қилиб айтганда, биз кутаётганимизга мутлақо тескари самарага эга бўламиз.

Фикримча, Солиқ қўмитаси ўз хатосини рўй-рост тан олиб (нақадар оғир бўлмасин), бизнес олдида кечирим сўраб, ноқонуний ечиб олинган пулларни қайтариб, келгусида қонунда ёзиб қўйилган тартибларга оғишмай амал қилиши керак.

Юлий Юсупов

Мавзуга оид