Мактабгача таълим тизимида қарийб 52 млрд сўмлик молиявий хатолик аниқланган
Ўтган йил давомида мактабгача таълим тизимида ўтказилган назорат тадбирларида жами 51,8 млрд сўмлик молиявий камомад аниқланган. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева маълум қилди.
АОКАда ўтказилган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева тизимда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида маълум қилди.
«Ички аудит хизмати томонидан 2020 йил давомида мактабгача таълим бўлимлари ва мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган 611та назорат тадбирида жами 51,8 млрд сўмлик молиявий хато ва камчилик аниқланди. Жумладан:
- ноқонуний харажат ва камомадлар - 23,4 млрд сўмни (45 фоиз);
- давлат хариди қонунчилиги талабларининг бузилиши - 11,2 млрд сўмни (21,6 фоиз);
- бухгалтерия ҳисоби қоидаларининг бузилиши ва бошқа молиявий хато камчиликлар - 11,9 млрд сўмни (22,9 фоиз);
- бюджет ва ташкилот ҳисобига қўшимча ҳисобланган даромадлар - 5,3 млрд сўмни (10,3 фоиз) ташкил этди», деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари.
Шунингдек, кузатилган қонунбузилиш ҳолатларини, асосан, ойлик иш ҳақи ва рағбатлантириш маблағлари нотўғри сарфланиши, озиқ-овқат маҳсулотларига қилинган ноқонуний ва ортиқча тўловлар, ота-оналар тўловларини кассага кирим қилмаслик кабилар ташкил этиши айтилди.
«Мактабгача таълим бўлими ва мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ходимларнинг ойлик иш ҳақи ва рағбатлантириш маблағларидан 10,1 млрд сўм ноқонуний ва ортиқча тўловларга йўл қўйилган.
Сохта таомномалар тузиб, ҳақиқатда сарфланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини харажатга чиқариш, камомад ва меъёрга нисбатан ортиқча ҳисобдан чиқарилиши каби ҳолатлар орқали 3,6 млрд сўм нотўғри сарфланган.
Ота-оналар тўловларини кассага кирим қилмаслик орқали 531,5 млн сўм маблағлар ноқонуний ўзлаштирилган.
Муддати ўтган 805 млн сўм дебитор қарздорликларга йўл қўйилган ва ундириш чоралари кўрилмаган, 59,6 млн сўмлик дебитор қарздорликлар ҳисоботлардан яширилган.
Ҳақиқатда етказиб берилмаган товар ва хизматлар учун асоссиз равишда маблағлар турли таъминотчи корхоналар ҳисобига ўтказиб берилган.
Харидларнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиб, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда 11,2 млрд сўмлик шартномалар тузилган.
Профилактика ишлари натижасида, яъни ортиқча бойликларни кирим қилиш, асоссиз ҳисобланмаган бадал тўловларини ҳисоблаш, асоссиз ҳисобланган кредитор қарздорликларни камайтириш, мулкни сотишдан тушган маблағларнинг 50 фоизини маҳаллий бюджетга йўналтириш каби йўллар билан 5,3 млрд сўм бюджет ва мактабгача таълим ташкилоти фойдасига қўшимча ҳисобланди», дея маълумотларни очиқлади Мавлуда Асқархўжаева.
Мавзуга оид
13:32 / 22.11.2024
Дума 2025 йилги бюджетни урушга рекорд харажатлар билан қабул қилди
13:44 / 21.11.2024
2025 йилда бюджет тақчиллиги қандай қопланади?
15:24 / 02.11.2024
Октябрда илк марта давлат бюджети ойлик профицитга чиқди
18:42 / 30.10.2024