Иқтисодиёт | 14:41 / 03.12.2025
6853
2 дақиқада ўқилади

“Ҳеч ким бизга кредит бермасди” — Жамшид Қўчқоров аввалги маъмурият давридаги бюджет профицити ҳақида

Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров парламентдаги чиқишида авваллари давлат бюджети профицит билан ижро қилиб келинганига изоҳ берди.

“Агар тарихни кўтариб кўрсангиз, бизда кўп йиллар давомида профицит бўлган. У зўрмиди, деган саволга шу соҳада ишлаб келаётган одам сифатида йўқ деб жавоб беришга мажбурман. Чунки ўша пайтда профицит бўлганининг сабаби шуки, бюджет тақчиллигини молиялаштиришга ҳеч ким бизга кредит бермаган. Мен буни расмий айтишим мумкин: ҳеч ким. Чунки ислоҳотлар йўқ эди, сўм эркин конвертация қилинмасди, солиқ сиёсати... Умуман, охирги 8 йилда нималар қилинган бўлса, шулар йўқ эди. Шунинг учун ҳам ҳеч ким бизга бюджет тақчиллигини молиялаштиришга кредит бермасди”, деди вазир.

Қўчқоров депутатларнинг “Тақчиллик доимий бўлавериши керакми?” деган саволига қуйидагича жавоб берди.

“Тақчилликнинг катталиги яхши эмас. Халқаро валюта жамғармасининг фикри ҳам шундай. 3 фоиз дефицит ҳам назария ҳам мамлакатларнинг амалиёти. Бу давлат қарзининг мўътадил ошишини таъмирлайди, шу билан бирга дефолт, банкрот деган ҳолатларга келишга йўл қўймайди. Умуман олганда, тақчиллик ҳақидаги берилган савол жуда ҳам ўринли. Қачонки мамлакатда иқтиосдий ўсиш бўлаётган бўлса, тақчиллик ўз вазифасини бажаряпти деб ҳисоблаш мумкин. Тақчиллик дегани қўшимча пул олиб иқтисодиётни рағбатлантириш. Қарз олсакда, иқтисодиёт ўсмаса, бу нотўғри”, деди Бош вазир ўринбосари.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид