Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда миллий тест тизимининг илк намуналари 3 март куни эълон қилинади
Ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти ҳамда математика фанларидан тест намуналари 3 март куни Давлат тест маркази расмий сайтида эълон қилинади. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Мазкур фанлардан тест синовларини апрел ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказиш режалаштирилган. Кейинги босқич учун кимё ва биология фанлари бўйича талабгорларни рўйхатга олиш 2021 йил 3 март кунидан бошланади.
Талабгор тест синовида қатнашиш учун Давлат тест маркази расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтиши лозим бўлади. Бунда тест синовида иштирок этиш учун талабгордан ариза берилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Тўлов талабгор томонидан амалдаги электрон тўлов тизимлари орқали ариза берилган кундан бошлаб уч кун мобайнида амалга оширилади. Тўлов тўғрисидаги маълумотни талабгор ўзининг шахсий кабинети орқали билади. Агар ариза берувчи турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок эта олмайдиган бўлса, Давлат тест марказига тест синовлари ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин ёзма ва электрон шаклда мурожаат этиши лозим. Узрли сабабга кўра (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) тест синовларида қатнаша олмаган талабгор тест синови бошланган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни Давлат тест марказига бевосита ёки электрон тарзда тақдим этиши лозим. Бунда талабгорнинг аризасига мувофиқ навбатдаги тест синовларига киритилиши таъминланади ёки тўланган тўлов тўлиқ миқдорда талабгорга қайтарилади.
Талабгор тест синовига кечиккан ёки сабабсиз келмаган ҳолларда, унинг аризасига биноан талабгор томонидан амалга оширилган тўловнинг 50 фоизи қайтарилади.
«Тест синови ўтказилиши жараёнида талабгор бир вақтда фақат битта умумтаълим фанидан тест топширишига рухсат этилади. Сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади. Тест синовлари натижалари улар якунланган кундан бошлаб йигирма иш кунидан кечикмай Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Тест натижаларидан норози бўлган талабгор тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида Давлат тест марказига ёзма ёки электрон шаклда апелляция бериш ҳуқуқига эга», дея маълум қилди ДТМ мутасаддиси.
Сертификат тест синовидан ижобий натижага эришган талабгорга тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта мобайнида Давлат тест маркази директорининг буйруғи асосида электрон шаклда берилади. Талабгор сертификатни шахсий кабинети орқали юклаб олиши мумкин. Сертификатлар реестри Давлат тест маркази томонидан юритилади.
Мавзуга оид
15:27 / 09.07.2022
Имтиҳонлар санаси, тартиби ва бошқалар: Сардор Ражабов билан суҳбат
15:11 / 06.07.2022
Тест синовлари бу йил ҳам стадион ва хиёбонларда ўтказилади
17:30 / 30.06.2022
Қабул-2022: Бу йилги имтиҳонларда абитуриентларни нималар кутяпти?
11:09 / 27.05.2022