Ўзбекистон | 19:38 / 05.03.2021
3509
3 дақиқада ўқилади

Абдуҳаким Ҳожибоев Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири билан учрашди

Айни вақтда Қозоғистон Республикаси бош вазири ўринбосари Эрали Туғжанов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Бугун, 5 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида Абдуҳаким Ҳожибоев Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой бошчилигидаги делегация гуруҳини қабул қилди.

Учрашувда икки томондан ҳам соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, мажбурий суғурта тизимини жорий қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш йўналишларининг масъуллари иштирок этди.

«Мулоқот чоғида томонлар тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар борасидаги янгиликлар билан  алмашдилар. Шунингдек, ҳозирги кунда мамлакатлар ўртасида азалий дўстона муносабатлар янги босқичга чиққанлигини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлигини айтишди. 

Учрашувда вазирлар мамлакатлардаги айни пайтдаги мавжуд эпидемиологик вазият тўғрисида маълумот алмашиб, коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳимлигини қайд этишди. 

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва тарқалишининг олдини олишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлиги айтилди. Жумладан, коронавирус пандемиясини бартараф этиш бўйича бебаҳо тажрибани ҳисобга олган ҳолда, икки томонлама ҳамкорлик доирасида ҳам, халқаро ташкилотларда (ШҲТ, МДҲ ва бошқалар) ҳам эпидемия ва пандемия ҳолатларида тезкор чоралар кўриш ва ўзаро таъсир ўтказиш бўйича биргаликда самарали чораларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладилар. 

Икки мамлакат вазирликлари соғлиқни сақлаш масалаларини ҳал қилишда яқин муносабат ўрнатиш, стратегик шериклик асосида амалий ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни кенгайтиришга келишиб олди.

Қозоғистонликлар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, соҳада янги технологияларни жорий этиш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, пандемия даврида катта талафотларсиз эпидемиологик барқарор вазиятни сақлаш борасидаги Ўзбекистон эришаётган ютуқларни юқори баҳолади», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Икки давлат вазирлик раҳбарлари томонидан соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланган. Келгусида тиббиёт соҳасини рақамлаштириш, мажбурий суғурта тизимини жорий қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш борасида қатор ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинган.

Алексей Цой самимий қабул учун Абдуҳаким Ҳожибоевга миннатдорлик билдирган ва тиббиёт соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилган.

Шунингдек, делегация аъзолари Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Қозоғистон бош вазири ўринбосари Эрали Туғжанов иштирокида Тошкент шаҳрида замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт марказида бўлишди ҳамда бу ерда беморлар ва тиббиёт ходимлари учун яратилган шароитлар, даволаш жараёнини юқори баҳоладилар. 

Мавзуга оид