Жамият | 14:21 / 06.03.2021
102222
4 дақиқада ўқилади

Қаттиқ «х»ми ёки юмшоқ «ҳ»: қандай фарқлаш керак?

Ўзбек-лотин алифбосига ўтиш «х» ва «ҳ» ҳарфли сўзлар имлосидаги хатолар камайишига ҳам ёрдам беради, дейди филолог Равшан Жомонов. Луғатшунос олимнинг навбатдаги видеодарсида «х» ва «ҳ» ҳарфли сўзлар имлоси ҳақида сўз боради.

Баҳсли «х» ва «ҳ» ҳарфли сўзлар имлоси ҳақида гапирганда, масалани тўғри англаш учун, аввало, кирилл алифбосидаги ҳолатларни ҳам кўриб ўтиш лозим. Кирилл алифбосида бу икки товушни ифодалаш учун бир-бирига шаклан яқин икки ҳарф қабул қилинган. Бу шаклан ўхшашлик айрим шева вакиллари нутқида икки товушни бир-биридан фарқламасликка, ёзувда ажрата олмасликка олиб келди.

Натижада эса уларни бирлаштиришга ҳаракат қилишади. Аслида ундай эмас. Чунки мазкур товушлар ҳосил бўлиш ўрнига кўра бутунлай бошқа-бошқа товушлар ҳисобланади.

«х» товуши ўзбек адабий тилида оғиз бўшлиғида, юқори танглайда ҳосил бўлади. «ҳ» эса бўғизда ҳосил бўладиган товуш.

Дарсларда мазкур товушларни «юмшоқ «ҳ» ва «қаттиқ «х» деб тушунтирамиз, лекин бу нотўғри ёндашув. Сабаби – ўзбек адабий тилида юмшоқлик ва қаттиқлик ҳодисаси йўқ, шунинг учун аслича тушунтирган маъқул.

Филология фанлари номзоди, луғатшунос Равшан Жомонов

Ўрганувчини қийнайдиган нарсалардан бири – кирилл ёзувидаги шаклан (х, ҳ) ўхшашликда. Шу боисдан кўз кўникмаси ва талаффуз бир-бирига яқинлашиб қолган.

Ўзбек-лотин алифбосида бу масала оқилона ҳал этилган. Бўғиз товуши учун «H, h» ҳарфи, қаттиқ танглайда ҳосил бўладиган, чуқур тил орқа товуши учун эса «X, x» ҳарфи қабул қилинган. Шаклан ноўхшашлик кўз кўникмаси ҳосил бўлишига катта ёрдам беради.

Ўзбек тилида бу товушлар фонологик вазифа бажаради, яъни сўзлар маъноларини тубдан ўзгартиради. Агар бу ўринда бир ҳарфда хато қиладиган бўлсак, сўзни нотўғри ишлатган бўлиб қоламиз. Масалан,

  • хам — ҳам;
  • хил-хил — ҳил-ҳил;
  • хуш — ҳуш;
  • хирс — ҳирс каби.

Юқоридаги қаторларда келтирилган сўзларда бу икки товуш бир-бирига яқиндек кўринади, лекин аслида ундай эмас, улардаги маънолар бутунлай фарқ қилади.

  • хам – бошни хам қилмоқ – бошни эгмоқ;  ҳам: юклама.
  • хил-хил – турли, турфа, хилма-хил; ҳил-ҳил: маромида пишган.
  • хуш – яхши, ёқимли; ҳуш – онг, шуур.
  • хирс – айиқ; ҳирс – истак, майл.

«х» ва «ҳ» ҳарфи қатнашган сўзларни ёзиш жуда ҳам мураккаб эмас. Иккиланадиган ўринлар бўлганда, албатта, имло луғатларига мурожаат қилиш керак.

Ўзбек тилидаги «х» ва «ҳ» ҳарфли сўзларнинг бошқа тилларда қандай ёзилиши масаласи ҳам бор. Бунда, «х» ҳарфи «kh» шаклини олса, «h» ўзгаришсиз қолади:

  • Хива, Xiva – ўзбекча; Khiva – инглизча.
  • Бухоро, Buxoro – ўзбекча;  Bukhara – инглизча.
  • Шаҳрисабз, Shahrisabz – ўзбекча; Shahrisabz – инглизча.

Йигитали Маҳмудов ёзиб олди
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид