Жаҳон | 12:50 / 04.03.2024
4944
1 дақиқада ўқилади

Россияда имо-ишора тилининг онлайн луғати блокланди

Россия Федерациясида Spread the sign луғатига кириш 19 февралдан бошлаб чекланган, деб хабар берди «Роскомсвобода». Блоклаш сабаби номаълум. Сайтнинг бош саҳифасида Украинадаги урушни тўхтатиш чақириқлари мавжуд.

Фото: Oleksandr Latkun/imagebroker/IMAGO

Россияда Spread the sign халқаро имо-ишора тили луғатининг веб-сайти блокланган. Бу ҳақда 3 март, якшанба куни «Медиазона» интернет нашри ёзди. Блоклаш 19 феврал куни содир бўлди, дея таъкидлайди «Роскомсвобода» лойиҳаси. Веб-саҳифага киришни чеклашга айнан нима сабаб бўлгани аниқлаштирилмаган. 

Сайтнинг асосий саҳифасидаги «Реклама» бўлимида рус тили танланса, 2022 йил 14 март куни Россия Биринчи каналининг кечки янгиликлар кўрсатувидан стоп-кадр пайдо бўлади. Ўшанда канал ходими Марина Овсянникова урушга қарши плакат билан жонли эфирга югуриб чиққанди. Бундан ташқари, тил сайтининг асосий саҳифасида рус ва инглиз тилларида «Урушни тўхтатинг» ёзуви билан Украина байроғи тасвири мавжуд.

Spread the sign луғати 2006 йилда Европа имо-ишора тили маркази нотижорат ассоциацияси лойиҳаси сифатида ишга туширилган. Ҳозирда у 31 та тилни танлаш имкониятини тақдим этади.

Мавзуга оид