Ўзбекистон | 22:20 / 06.03.2021
35879
5 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors'нинг бир гуруҳ ходимлари маош камлигидан шикоят қилди. Уларнинг ойлиги сезиларли камайган

UzAuto Motors'нинг Транспорт ташувлари бошқармаси ҳайдовчи ходимлари маоши сезиларли қисқарган. Ойликлар камайганидан норози ҳайдовчилар 6 март куни Асакадаги корхонанинг автотураргоҳида йиғилиб, норозилик билдирди.

UzAuto Motors ҳайдовчиси Фозилжон Муҳаммедов Kun.uz мухбири суҳбатда маоши икки баробардан кўпроққа қисқарганини маълум қилди.

«Ўзбекистон бўйича тайёр маҳсулотни етказиб бериб, 7-8 миллион сўм ойлик олардим. Ойликлар тушгани сабабли тушунмовчилик бўлди. Раҳбарият ўрганяпмиз, деяпти. Ҳозир ойлигим 3 миллион, олдин эса 7-8 миллион олардим», – дейди Фозилжон Муҳаммедов.

Фозилжон Муҳаммедов

Асакадаги норозилик чиқишидан ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода сўзлаган ходимлар ҳам 4–5 ойдан бери ойликлар камайиб кетганини айтади.

«Ойликлар тушиб кетган. 4–5 ойдан бери қийналяпмиз. Ана бўлади, мана бўлади, эртага, индинга деяпти... Қачонгача?» – дейди йиғилганлардан бири.

«20 минг ҳам ойлик тўлайдими? Битта мен ишласам оилада. Оилани қандай боқамиз? Ўзи оклад 2 млн.дан ошиқ бўлса, 20 минг ҳам ойлик чиқарадими? Хоразм, Қаршига қатнаганман. 20 минг сўм! 450 сўм ойлик чиққанлар ҳам бор. Ноинсофлик бу», – деган бошқа бир фуқаро.

UzAuto Motors Юк автомобиллари бўлими раҳбари Раҳимжон Аҳмаджонов Kun.uz билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам ҳайдовчи ходимлар маоши қисқарганини тасдиқлаб, бу ҳайдовчилар сони оширилгани билан боғлиқлигини айтди.

«Олдин ойликни кўп олардик, ҳозир камайиб кетди, дейишяпти. 128 та автовозимиз бор. Ҳар бирида 2–3 тадан ҳайдовчи бўларди. Бизда ҳайдовчиларга фақат ишбай тўланади, яъни 8 соат ёки 11 соат ишлаганига қараб тўланмайди. Бир ойда 11 марта йўналишга чиққан бўлса, 11 тасига, 5 марта чиққан бўлса, 5 тасига тўланади.

Ҳозир ҳар бир автовозда ҳайдовчилар сонини 4 нафардан қилиб қўйдик. Ишчиларни кўпайтирдик. Ташқарида ишсиз юрганлар ишга олинди. Битта автовоз бир ойда 10 миллионлик қатновга чиққан бўлса, 4 ҳайдовчига 2,5 миллиондан бўлиб берилади. 3 нафар ҳайдовчи бўлса 3,3 миллиондан, 2 нафар бўлса 5 миллиондан бўлиб берилади-да.

Ҳозир битта автовозга 4 нафар ҳайдовчи бириктирганмиз. Кимдир 3,5 миллион оляпти, кимдир 5 миллион оляпти», – деди Юк автомобиллари бўлими раҳбари.

Раҳимжон Аҳмаджонов

20 минг сўм ойлик олганини айтган ходим юзасидан UzAuto Motors бош ҳисобчиси Акмалжон Ёқубов изоҳ берди.

«Ижтимоий тармоқларда бир ходимимиз 20 минг сўм ойлик олдим, деб эътироз билан чиқди. Биз бу ҳолатга ойдинлик киритиб қўймоқчимиз.

Бу ходимимизга февраль ойида 2 млн 600 минг сўм ойлик ҳисобланиб, 1 млн 14 минг сўм пул ўтказилган. Шундан 749 минг сўми – аванс, 244 минг сўми – мукофот пули. Ушланмаларга келсак, 315 минг сўм – даромад солиғи, 876 минг сўм – кредит тўлови, яна муайян сумма – алимент учун ушлаб қолинган», – деди бош ҳисобчи Kun.uz билан суҳбатда.

Акмалжон Ёқубов

Тушдан сўнг «UzAuto Motors» АЖ ҳолатга муносабат билдирди. Унда Транспорт ташувлари бошқармаси ҳайдовчилари Д.Раҳмонов, Ж.Султонов ва бошқаларнинг ойлик иш ҳақи тўланиши ва ушланмалардан норози бўлиб қилган видеомурожаати ўрганилгани айтилади.

«Аниқланишича, «UzAuto Motors» АЖ компаниясида айни вақтда иш ҳақидан қарздорлик мавжуд эмас. Жорий йилнинг февраль ойи учун иш ҳақи ўтган ойнинг 20-санасида аванс тариқасида, март ойининг 5-санасида тўлиқ тўлаб берилган. Ходимнинг иш ҳақидан унинг ёзма аризасига асосан кредит тўловлари ҳамда суд қарорига асосан мажбурий ундирув амалга оширилган», – дейилади расмий релизда.

Қайд этилишича, видеомурожаат юзасидан шу куннинг ўзида компания масъул вакиллари ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят бандликка кўмаклашиш бошқармаси ходимлари иштирокида ҳайдовчилар билан мулоқот ўтказилган.

Мулоқотда ҳайдовчиларга иш ҳақи тўлиқ ҳисоблаб тўлангани, бирор-бир асоссиз ушланмалар амалга оширилмагани, ишчи-ходимларга ижтимоий ҳимоя пакети (транспортда ишга келиб-кетиши, махсус кийим-бош билан таъминланиши, овқатланиши, тиббий кўриклари учун тўловлар) компания ҳисобидан амалга оширилаётгани тушунтирилган.

Фото: UzAuto Motors
  • Меҳнат кодексининг 164-моддасида белгиланган умумий қоидага кўра, ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши учун унинг ёзма розилиги ёки суднинг қарори бўлиши лозим.
  • Оила кодексининг 99-моддасига кўра, ота-она ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, алимент миқдори ота-онанинг ойлик маоши ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун 25 фоизи, икки бола учун 33,3 фоизи, уч ва ундан ортиқ бола учун 50 фоизи деб белгиланади.

Мавзуга оид