Жамият | 10:02 / 08.03.2021
25564
7 дақиқада ўқилади

«Она терговга кириб кетди, боласи менда қолди...» – милициячи аёл ҳикояси

Ички ишлар органларида эркаклар қаторида кўплаб аёл ходимлар ҳам хизмат қилади. Уларни ҳар куни кўча-кўйда, маҳаллаларда хизмат вазифасини бажараётган ҳолатда кўрамиз. Бу аёллар тизимдаги эркак ходимлар билан бир сафда туриб, эл-юрт осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш йўлида тер тўкмоқда. 8 март – аёллар байрами арафасида Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси тизимида хизмат қилаётган хотин-қизлар фаолиятини оз бўлса-да очиб беришга ҳаракат қилдик...

Андижон вилояти ИИБнинг хотин-қизлар масалалари бўйича бош инспектори Барнохон Мирзаева ички ишлар тизимида 10 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда: «Андижон вилоят ички ишлар бошқармасида мен сингари яна 70 нафар аёл хизмат қилади. Келинглар, мен сизларни ўзим ва аёл ходимларнинг иш фаолияти билан таништирай», – деб йўлга бошлади Барнохон.

Вилоят ички ишлар бошқармасида 102 қисқа рақамли Call-марказ фаолияти йўлга қўйилган. У ерда фуқароларнинг мурожаатлари узлуксиз қабул қилиниб, тегишлилиги бўйича шаҳар ва туман навбатчилик қисмларига етказиб берилади. Шундан кейин масъул ходимлар мурожаатлар бўйича тезкор иш олиб боради. Call-марказ'да аёл ходимлар ишлайди. «Бугун биз соат 14:30гача 260та мурожаатни қабул қилдик», – дейди Call-марказ оператори Нигина Ваққосова.

Буни қарангки, патрул-пост хизматида ҳам бир неча нафар хотин-қизлар хизмат қиларкан. Улардан бири Мафтунахон Ғуломжонова. Хизмат машинасидан дадил тушиб келган Мафтунахоннинг кайфияти аъло даражада экани юз-кўзидан сезилиб турарди: «Мен 8 йилдан буён ички ишлар тизимида хизмат қиламан, касбимни жуда яхши кўраман. Вазифамиз жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдан иборат», – деди патрул-пост хизмати инспектори Мафтунахон Ғуломжонова.

Шу куни Андижон шаҳридаги «Динамо» стадионида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мусобақа ташкил этилган экан. Стадионда пистолетни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, граната улоқтириш ва 100 метрга югуриш бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Сўнгра ички ишлар тизимидаги хотин-қизлар ўқ отиш машғулотига йўл олишди. У ерда ўқ отиш борасидаги маҳорат синовдан ўтказилди. «Тўғриси, ҳар гал қўлимга қурол олганимда бироз ҳаяжонланаман», – деди Барнохон нишонни мўлжалга олишдан олдин.

ИИБ ходимлари аёл бўлса ҳам, жисмоний тайёргарлиги яхши бўлиши керак, чунки ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин. Бу борада уларга яккакураш турлари билан шуғулланиш асқатади.

«Ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ходималаримиз иш билан бир қаторда спорт билан ҳам шуғулланишади. Мен каратэ билан мунтазам шуғулланаман. Мақтаниб қўяй, медалларим ҳам жуда кўп. Бир неча марта Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби бўлганман. Илгари ички ишлар тизимида спортнинг ўрни жуда катта дейишса, мен ҳайрон бўлардим. Лекин жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатларда спорт кераклигини сездим.

Шу десангиз, бир куни уйимизга ўғри тушган. Ўғрини самбо усулларини қўллаб зарарсизлантирганман. Тўғри, бу доим бўладиган ҳолат эмас, лекин иш жараёнида, айнан ўғриларни ушлашда самбо усулларини қўллашга тайёр туриш керак», – дейди Барнохон.

Ички ишлар тизимидаги аёллар ҳам тунда навбатчилик асосида маҳалла гузарлари ва кўчаларда жамоат тартибини сақлашга сафарбар қилинади. Бунда отлиқ гуруҳ алоҳида ўрин тутади: «Отлиқ гуруҳимиз жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида кўчаларда, оммавий тадбирларда хизмат олиб боради», – дейди патрул-пост хизмати ходими Муаззамхон Қаҳҳорова.

Барнохон Мирзаева иш фаолияти давомида бўлган ўзгача бир ҳолатга тўхталди: «Ички ишлар тизимида хизмат қиладиган аёлларни қаҳри қаттиқ, жиддий деб ўйлашади, лекин бундай эмас. Биз аввало она, аёлмиз. Иш давомида бўлиб ўтган бир воқеани айтиб бермоқчиман. Ёш келинчак қўлида уч ойлик фарзанди билан жуда оғир жиноят содир этди. Бу жиноятнинг тергов жараёнларида ўзим ҳам бевосита иштирок этдим. Она терговга кириб кетди, боласи менда қолди, йиғлайди, қорни очиққан ахир. Шунда болани бағримга босдим, бор оналик меҳримни бердим, озиқлантирдим. Бола юзимга қараб кулиб, ухлаб қолди.

Ўн кунда бола билан бир-биримизга ўрганиб қолдик. Унинг оила аъзоларига бу бола катта бўлса, яна бир онанг бор, деб айтиб қўйинглар, дедим. Тўғриси, болани онаси билан ҳибсхонага кузатаётганда, бергим келмади. Уни онасига топшираётиб, йиғлаб юбордим. Ҳибсхонага бешикни ҳам олиб тушганмиз. У аёл ҳатто бешикка белашни билмас экан. Шунда бешикка белашни ўргатиб, болани йўргаклаб, бешикка белаб, ухлатиб чиққан кунларим ҳам бўлган», – деб эслайди Барнохон.

Барнохон Қўрғонтепа туманидан Избосканга келин бўлиб тушган. Қайнотаси Комилжон ака ва қайнонаси Муҳаббатхон ая тўрт ўғилни вояга етказган. Ҳозирда тўрт келиннинг барчаси аҳил яшамоқда. 14 набира эса катта оиланинг чинакам қувончи.

«Мен Избоскан туманининг Мардлар маҳалласига келин бўлиб тушганман. Хизматдан ташқари, келинлик вазифамни ҳам уддалашим керак. Тўрт нафар фарзандим бор – уч қиз, бир ўғил. Турмуш ўртоғим ҳам ички ишлар тизимида хизмат қилади. Ҳар куни эрталаб уйдан чиқаётиб, қайнота ва қайнонамдан, яъни ота-онамиздан дуо олиб ишга кетамиз. Оилада тўрт овсин бирга яшаймиз. Улар билан опа-сингилдай бўлиб кетганмиз», – дейди Барнохон нон ёпишга тайёргарлик кўрар экан.

У нон ёпиш билан машғул бўлган пайтда қайнонасини суҳбатга тортдик:

«Келиним яхши. Бир-бирини ёқтиришгани учун Қўрғонтепадан олиб берганман. Мана, энди уч қиз, бир ўғли бор. Форма кийиб, биргаликда меҳр-оқибатли бўлиб, фарзандларини боқяпти.Ўғлим президентнинг қўлидан орден олган. Бунда шу қизнинг ҳиссаси бор,чунки менинг олдимдан чиқиб кетиб, ўша томонларда бирга яшаб, бир тан, бир жон бўлишяпти.

Бизникига келиб туришади. Ўғлим дадасига ёрдам беради, келиним менга нон ёпишда ёрдамлашади, мантини яхши кўрамиз, манти қилиб беради. Характери ўғил болача, шаддод, ҳамма нарсанинг уддасидан чиқади, нимани бошласа, охирига етказади.

Менинг армоним Ҳажга бориш. Барча фарзандларни уйлаб-жойладик, янги уйлар соляпмиз. Энди чолим билан Ҳажга боришни орзу қиляпмиз», – дейди қайнонаси Муҳаббатхон ая Боймирзаева.

«Мана, байрам дастурхонига иссиққина нонларимиз пишди. Мен дунёдаги барча аёлларни, қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат қилаётган опа-сингилларимизни байрам билан табриклайман», – дейди қаҳрамонимиз.

Элмурод Эрматов, Жаҳонгир Маҳмудов

Мавзуга оид