Андижон вилояти ИИБнинг хотин-қизлар масалалари бўйича бош инспектори Барнохон Мирзаева ички ишлар тизимида 10 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда: «Андижон вилоят ички ишлар бошқармасида мен сингари яна 70 нафар аёл хизмат қилади. Келинглар, мен сизларни ўзим ва аёл ходимларнинг иш фаолияти билан таништирай», – деб йўлга бошлади Барнохон.

Вилоят ички ишлар бошқармасида 102 қисқа рақамли Call-марказ фаолияти йўлга қўйилган. У ерда фуқароларнинг мурожаатлари узлуксиз қабул қилиниб, тегишлилиги бўйича шаҳар ва туман навбатчилик қисмларига етказиб берилади. Шундан кейин масъул ходимлар мурожаатлар бўйича тезкор иш олиб боради. Call-марказ'да аёл ходимлар ишлайди. «Бугун биз соат 14:30гача 260та мурожаатни қабул қилдик», – дейди Call-марказ оператори Нигина Ваққосова.

Буни қарангки, патрул-пост хизматида ҳам бир неча нафар хотин-қизлар хизмат қиларкан. Улардан бири Мафтунахон Ғуломжонова. Хизмат машинасидан дадил тушиб келган Мафтунахоннинг кайфияти аъло даражада экани юз-кўзидан сезилиб турарди: «Мен 8 йилдан буён ички ишлар тизимида хизмат қиламан, касбимни жуда яхши кўраман. Вазифамиз жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдан иборат», – деди патрул-пост хизмати инспектори Мафтунахон Ғуломжонова.

Шу куни Андижон шаҳридаги «Динамо» стадионида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мусобақа ташкил этилган экан. Стадионда пистолетни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, граната улоқтириш ва 100 метрга югуриш бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Сўнгра ички ишлар тизимидаги хотин-қизлар ўқ отиш машғулотига йўл олишди. У ерда ўқ отиш борасидаги маҳорат синовдан ўтказилди. «Тўғриси, ҳар гал қўлимга қурол олганимда бироз ҳаяжонланаман», – деди Барнохон нишонни мўлжалга олишдан олдин.

ИИБ ходимлари аёл бўлса ҳам, жисмоний тайёргарлиги яхши бўлиши керак, чунки ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин. Бу борада уларга яккакураш турлари билан шуғулланиш асқатади.