Ўзбекистон | 16:35 / 09.03.2021
3924
2 дақиқада ўқилади

Ислом тараққиёт банки президенти май ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши кутиляпти

Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳи бош котиби Ҳассан ал-Баба билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашувда 2021 йилда Ўзбекистонда ИТБ бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув чоғида Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган ИТБ гуруҳи бош котиби тайёргарлик ишларининг бугунги ҳолати, ИТБ ҳамда Ўзбекистоннинг вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат ташкилий қўмита ҳамда тегишли ишчи гуруҳлари фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

Халқаро медиа ва оммавий ахборот воситаларида бўлажак учрашувни кенг ёритишга бағишланган “роуд-шоу” ўтказиш учун банк раҳбарияти шу йил май ойида ИТБ президенти Бандар Ҳажарнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилинди.

Йиллик йиғилишда банкка аъзо 57 мамлакат, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситаларининг 2 мингга яқин вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир ўтказилиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг энг муҳим ташаббуслари банк томонидан қўллаб-қувватланишини кенгайтириш ва Ўзбекистонда банк инвестиция портфелини оширишни назарда тутган ҳолда, ИТБ билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга имкон яратади, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид