Жаҳон | 16:17 / 11.03.2021
3584
3 дақиқада ўқилади

Блинкен Аляскада Хитой ташқи ишлар вазири билан учрашиши кутилмоқда

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен хитойлик ҳамкасблари билан 18 март куни Аляскада учрашади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берган. Бу Байден маъмуриятининг Хитой раҳбарияти билан юқори даражадаги илк учрашуви бўлади.

Ken Cedeno/Pool via Reuters

Оқ уйнинг Хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан бош котибга Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи ҳамда хитойлик яна бир дипломат, Хитой ТИВнинг собиқ раҳбари Янг Жиечи билан учрашувда ҳамроҳлик қилади. Ушбу учрашув Блинкеннинг АҚШнинг яқин ҳамкорлари бўлмиш Япония ва Жанубий Кореяга сафаридан сўнг ташкиллаштирилади.

Блинкен учрашувни «АҚШ ва Хитой манфаатларини адолатли шартлар асосида келишиш учун муҳим имконият» деб атади. У, шунингдек, Хитой билан ҳамкорлик қилиш учун музокаралар ҳам ўтказилишини айтиб ўтган.

«Янги президентнинг Хитой расмийлари билан илк учрашуви Америка заминида ўтиши ва Осиё ҳамда Европадаги ҳамкорларимиз билан яқиндан суҳбатлашиб олганимиздан кейин бўлиши биз учун муҳим эди», дейди Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.

Шунингдек, ушбу учрашув икки мамлакат ўртасидаги «чуқур анлашилмовчилик»ни бартараф этишига умид билдирилган.

Бу учрашув АҚШ, Ҳиндистон, Япония ва Австралиядан иборат Тўртлик гуруҳининг учрашувидан кейин бўлиб ўтади.

АҚШ президенти Жо Байден ва унинг хитойлик ҳамкасби Си Жинпинг ўтган ой телефон орқали суҳбат қуришди ва ҳатто Хитой раҳбари келишмовчилик ҳар икки давлат учун ҳам ҳалокатли бўлишидан огоҳлантиришига қарамай кўп масалаларда уларнинг фикрлари айро тушди.

АҚШ расмий Пекинни Шинжон уйғурларига бўлган муносабати учун танқид қилиб келади. Маълумки, юз минглаб уйғурлар ва бошқа миллатга мансублар Хитой малака ошириш марказлари деб атаётган қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштирилган.

АҚШ 4 февралда қайта тарбиялаш лагерларида уйғур аёлларининг мунтазам зўрланишини танқид қилган. Шу ҳафта Америка таҳлилий марказининг берган ҳисоботига кўра, Хитой Шинжонда БМТнинг геноцидга қарши конвенциясининг барча моддаларини бузмоқда, деб айтилган.  

Хитой барча айбловларни рад этган.

Чоршанба куни Блинкен Хитойни Шинжонга киришга рухсат беришга чақирди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид