Жаҳон | 22:07 / 11.03.2021
26825
12 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: AstraZeneca гумон остида, Европага учинчи тўлқин ёпирилди

Дания, Норвегия ва Исландия AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатди, эмланганларда қон қуюқлашиши кузатилган, бир киши вафот этган. Эстония бир ой давомида локдаунда яшайди. Бразилияда кейинги ойлардаги энг юқори ўлим даражаси қайд этилмоқда.

Роппа-роса бир йил муқаддам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда тарқалаётган коронавирус пандемия даражасига чиққанини расман эълон қилганди. Ушбу вирусдан касалланганлар ҳақида илк бор Хитой матбуотида 2020 йил январида пайдо бўлганди. Феврал ўрталарига келиб вирус Европагача етиб борди, феврал ойи охирида эса Италия ўз тарихидаги бемисл даражадаги локдаун ҳолатида яшаётганди.

Жонс Ҳопкинс Университети маълумотларига кўра, ўтган вақт мобайнида дунё бўйлаб Covid-19 билан зарарланганлар сони 118 млн кишидан ортди, 2,6 млн.дан ортиқ бемор вафот этди.

AstraZeneca шубҳа остида
Европа Дори-дармон агентлиги (EMA) Евроиттифоқ мамлакатларида фойдаланиш учун тўртинчи вакцинани маъқуллади. Бу Американинг Johnson & Johnson номли концерни томонидан ишлаб чиқариладиган шу номдаги препаратдир.

ЕИда шу вақтгача Британиянинг AstraZeneca, Германиянинг Pfizer ва Американинг Moderna вакциналари маъқулланганди. Johnson & Johnson вакцинасининг клиник синовлари препарат 85 фоиз самарадорликка эгалигини кўрсатган, бошқа вакциналардан фарқли равишда J&J вакцинасининг битта дозаси билан эмлаш етарли бўлади.

Шу билан бирга, EMA AstraZeneca препарати тромбга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган Дания соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровига биноан текширув бошлади.

Дания, Норвегия ва Исландияда Оксфорд университети ва инглиз-шведларнинг AstraZeneca компанияси томонидан тайёрланган вакцинани қўллаш тўхтатилди, бунга Данияда ушбу препарат билан эмланганларда тромблар (қон қуюқлашиши) кузатилгани ва бир киши вафот этгани сабаб бўлди.

Дания ҳукумати ушбу препарат билан эмланганларнинг қанчаси қон қуюқлашишидан шикоят қилганига аниқлик киритмаган, аммо уларнинг сўзларига кўра, бундай шикоятлар сони ушбу вакцина билан эмлашни икки ҳафтага - тадқиқотларнинг илк натижалари чиққунича тўхтатиш ҳақида қарор қилиш учун етарли бўлган.

Агентлик вакилининг сўзларига кўра, 9 март куни турли мамлакатлардан - Австрия, Эстония, Латвия, Литва ва Люксембургдан 22 мурожаат келиб тушган.

«Биз Дания тарихидаги энг кенг кўламли эмлаш кампанияси ўртасида турибмиз ва бизга бор вакциналарнинг барчаси керак. Шу туфайли вакциналардан бирини қўллашдан чиқариб ташлаш - жуда оғир қарор», - деган соғлиқни сақлаш масалалари бўйича миллий кенгаш раҳбари Шёрен Бромстрём.

У мамлакат AstraZeneca вакцинасидан бутунлай воз кечмаётгани, шунчаки фойдаланиш вақтинчаликка тўхтатилганини таъкидлаб ўтган.

EMA вакилининг сўзларига кўра, ҳозирча вакцина ва қон қуюқлашиши ҳолатлари орасида боғлиқлик бор-йўқлиги бўйича аниқ хулоса йўқ.

Тежамкор вакцинация
Кўрилаётган барча чораларга қарамасдан, бутун дунё бўйлаб эпидемиолок вазият яхшиланмаётгани туфайли олимлар эмлаш жараёнини янада тезлаштириш имкониятларини қидиришмоқдаи. Теннесси штатининг Нэшвилл шаҳрида жойлашган Меҳарри тиббиёт коллежи тадқиқотчилари келган хулосага кўра, Covid-19 ни бошдан кечириб бўлган одамларга Pfizer ёки Moderna препаратларидан битта доза юбориш кифоя қилиши мумкин.

Бу вакциналар қўлланаётган мамлакатларда миллионлаб одамлар касалликни бошидан кечириб бўлгани ҳисобга олинса, иккинчи дозани тўхтатиш вакцинация кампаниясини бирмунча тезлаштиради ва вакциналарни етказиб беришдаги узилишларни компенсация қилади.

Масалан, АҚШда 28 миллион киши ковидни бошдан ўтказиб бўлган, бу эса 15 млн дозага яқин вакцинани ўз навбатини кутаётганлар учун тақсимлаш мумкин деганидир.

Олимлар оддий тахминга таянишмоқда: касалликни енгиб ўтган одамнинг имун тизими вирусни дарҳол танийди ва организм вакцинанинг биргина дозасидан кейин ҳам ҳимоя тизимини ишга тушира олади.

Баҳорги зўриқиш
Гул чанги ҳам Covid-19 билан зарарланиш хавфини ошириши мумкин, ҳатто аллергиядан азият чекмайдиганларни ҳам. АҚШдаги Колумбия университетида ўтказилган тадқиқот муаллифлари шундай хулосага келишган.

Уларнинг сўзларига кўра, баҳорнинг илк даврида, дарахтлар гуллаётган маҳалда бу жиҳатга жиддий эътибор қаратиш керак бўлади. Олимларнинг айтишича, иқлим ўзгаришлари туфайли бу мавсумда дарахтларнинг гуллаши одатдагидан анча эрта рўй берди ва бу мавсум узоқроқ давом этади, бундай ҳолат сўнгги ўн йиллар мобайнида кузатилмаган.

Бундан ташқари, баҳорги (гуллар ва мевали дарахтлар), ёзги (бошоқли экинлар ва ўтлар) ҳамда кузги (амброзия) мавсумлар оралиғида деярли танаффуслар бўлмайди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, коронавирусни симптомсиз ўтказувчилар кўчаларда акса уришади ва вирус янада тезроқ тарқалишига хизмат қилишади. Бундан ташқари, аллергия мавсумида аллергияси қўзийдиганлар бурун битиши, томоқ оғриғи ва енгил йўталиш каби аломатларга эътибор бермаслиги мумкин, Covid-19нинг ўрта даражасида эса айнан шундай аломатлар кузатилади.

Европа: янги локдаунлар

Эстонияда пайшанба кунидан навбатдаги локдаун бошланмоқда ва бу бир ой давом этади. Мактаблар масофавий таълимга ўтмоқда, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон сотилмайдиган дўконлар яна ёпилади, 2+2 қоидаси жорий этилади, унга кўра, жамоат жойларида фақат икки киши учрашиши ва улар бир-биридан камида икки метр масофада туриши мумкин.

Германияда касалланганлар сони қаторасига иккинчи ҳафтадирки, ўсиб бормоқда. Сўнгги 24 соатда 14,3 мингдан ортиқ янги ҳолатлар қайд этилган. Тиббиёт ходимлари вакцинация жараёнини имкон қадар тезлаштиришни сўрашмоқда, аммо Европадаги барча мамлакатларда вакциналар танқислиги кузатилаётган ҳолатда бунинг имкони йўқ. Ҳукумат ҳозирги эпидемиологик вазиятни мамлакатда бошланган учинчи тўлқин сифатида баҳоламоқда.

Португалия президенти Робело де Соуза парламентдан мамлакатда жорий этилган фавқуодда ҳолат режимини 31 мартга қадар узайтиришни сўради, ҳолбуки ҳукумат вакиллари локдаундан босқичма-босқич чиқиш масаласини муҳокама қилишга киришганди. Португалияда қатъий карантин январ ойи ўрталаридан бери амалда, аммо кейинги ҳафтада болалар боғчаларини очиш режалаштирилганди.

Чехия ҳукумати маҳаллий шифохоналарда жой қолмагани туфайли коронавирусга чалинган беморларни Польшага даволаниш учун юборишни бошлади. Касаллик тарқалишини жиловлаш учун душанба кунидан Чехияда мактаблар ва дўконларнинг асосий қисми ёпилганди. Чехия касалланиш ҳолатлари ўсиши бўйича Европада етакчи - Сўнгги 14 кун ичида ҳар миллион кишига 15 минг ҳолат тўғри келган.

Таққослаш учун, Буюк Британияда бу кўрсаткич ҳар миллион кишига 1440 ҳолатни ташкил этади. Ўз шахси сир қолишини сўраган чехиялик иммунологлардан бири киноя билан чехларга энди вакцина керак эмаслиги, чунки аҳолининг катта қисми касалланиб бўлгани ва мамлакат ҳеч қандай эмлашларсиз ҳам жамоавий иммунитета ҳосил қилиши мумкинлигини айтиб ўтган.

Польшада вазия Чехиядагига қараганда бироз яхшироқ. Чоршанба куни ҳукумат ўтган йил ноябридан буён энг юқори кунлик ўсишни қайд этди - бир кунда 17 260 кишида вирус аниқланган.

Шунга ўхшаш вазият - Венгрияда ҳам кузатилмоқда, янги касалланиш ҳолатлари декабр ойидаги пикка қайтган - кунига 6 мингдан ортиқ кишида вирус чиққан.

Бу ерда ҳам ўлим даражаси юқори - мамлакатнинг бош санитар врачи Сесилия Мюллер вазиятни «жуда жиддий» деб атаган, бош вазир Виктор Орбан касалхоналарга ётқизилганлар сони ҳозирги 8 мингдан 20 минггача ўсиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Венгрия ЕИ ҳудудида россияликларнинг «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берган илк мамлакат бўлганди, Россиядан олинаётган вакцина аҳолининг 10 фоизини эмлаш учун етади.

Словакияда ҳам касалланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари тезлик билан ўсмоқда. Мамлакат бош вазири Игорь Матович сешанба куни ЕИнинг дори-дармонлар бўйича агентлигини россияликлар вакцинасини тезроқ маъқуллашга чақириб, ўртага одамлар ҳаёти тикилганини айтиб огоҳлантирганди. Аввалроқ Матович коалициядаги ҳамкорлари билан келишмасдан, ЕИ ва альянс бўйича қўшниларига ҳам хабар бермасдан «Спутник V» вакцинасидан икки миллион доза сотиб олиш бўйича келишиб қўйгани маълум қилинганди.

Биринчи тўлқин вақтида энг кўп жабр кўрган мамлакатлардан бири бўлмиш Францияда интенсив терапияга эҳтиёж сезаётган беморлар сони камаймаяпти, чоршанба куни яна 264 киши вафот этган. Ҳукумат шифохоналардаги вазият ташвишли эканини маълум қилган, аммо жамоатчилик оммавий вакцинация орқали вазиятни ўнглаш мумкинлиги билан тинчлантирилган. Вакцинация жараёни бошланганидан буён 67 миллион кишилик аҳолининг 2 миллиони эмланди.

Биринчи тўлқин вақтида асосий ўчоқлардан яна бири бўлган Испанияда янги касалланиш ҳолатлари камаймоқда. Январ ойи охирида бу ерда ҳар 100 минг кишига 900 касалланиш ҳолати тўғри келаётганди, 10 март куни - атиги 153 янги ҳолат қайд этилди. Испаниялик шифокорлар иш шароитларини яхшилаш ва меҳнатга ҳақ тўлашни ошириш талаби билан муддатсиз забастовка бошлашди. Бу мамлакат тарихида илк марта соғлиқни сақлаш хизматидаги барча соҳалар - шифохоналардан тортиб поликлиникаларгача, кексалар уйларидан тортиб, шошилинч тез тиббий ёрдам хизматигача ёппасига иш ташлаш эълон қилишидир.

«Биз тўйиб кетдик», - ҳафтасига 35 соатлик иш соати ва тунги сменалар сонини қисқартириш талаби билан кўчаларга чиқаётган шифокорлар шундай шиорлар битилган плакатларни кўтаришмоқда.

Италияда эса феврал ойи ўрталаридан кунлик ўсиш ҳолатлари ўсишни бошлаганди - 11 март куни 22 409 янги ҳолат қайд этилди - бу бир кун олдингига қараганда қарийб 3 мингга кўпдир. Коронавирус пандемияси бошланганидан буён бу мамлакатда 101 мингга яқин киши ушбу касалликдан вафот этди. Миллий статистика бошқармаси - Istat маълумотига кўра, пандемия туфайли 2020 йилда Италияда умр кўриш давомийлиги бир ёшга камайди - 82,3 ёш. 2019 йилда Италия Евроиттифоқ миқёсида бу кўрсаткич борасида биринчи ўринда эди.

Асосий ўчоқлар
Касалланганлар ва вафот этганлар сони бўйича дунё рейтингида учинчи ўринда турган Бразилиядаги вазият яна кескин ёмонлашди.

Мамлакатда сўнгги ойларда илк марта ушбу касалликдан бир кунда вафот этганлар сони 2,2 мингдан ошиқни ташкил этди. Пандемия даври қурбонлари бўлган бразиллар сони 270,6 мингдан ошган, шу вақтгача 11,2 млн кишида касаллик қайд этилган. Тиббиёт ходимлари ўлим даражаси кескин кўтарилишини янги штамм шитоб билан тарқалаётгани билан изоҳлашган.

Мухолифат вакиллари яна президент Жаир Болсонаруга ташланишмоқда, давлат раҳбари аввалбошдан эпидемиологик  таҳдидни бўрттирилган деб ҳисоблаб келади. Ҳафта бошида у халқни «йиғлоқилик қилиш»ни бас қилишга чақирганди.

Мамлакатнинг собиқ президенти Луис Игнасио Лула да Силва юзага келган вазиятни Болсонарунинг хато қарорлари оқибати деб атади.

Бразилия жамоат соғлигини сақлаш департаменти Fiocruz хабарига кўра, йирик шаҳарлардаги шифохоналар ўз имкониятлари чегарасида ишламоқда ва бундан кейинги беморларни қабул қила олмайди. «Биз учун 2021 йил ҳам жуда оғир кечади», - деган департамент раҳбари Маргарет Далколмо.

Кения соғлиқни сақлаш вазири Мутахи Кагве мамлакатда коронавирус пандемиясининг учинчи тўлқини кечаётганини маълум қилди. Ўтган бир кун ичида кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича 2020 йил ноябридан буён энг юқори кўрсаткич қайд этилган - 713 кишида вирус аниқланган.

Кагвенинг сўзларига кўра, сунъий нафас олдириш тизимига эҳтиёж сезаётган беморлар сони ҳам ошмоқда. Вазир мамлакатни жуда қийин давр кутиб турганидан огоҳлантирган.

Кения - Африкадаги халқаро бизнес ривожланган йирик давлатлардан бири бўлиб, вазият қитъанинг бошқа давлатларига ҳам осон таъсир қилиши мумкин.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Samsung янги Galaxy А56 5G, А36 5G ва А26 5G смартфонларини тақдим этди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Samsung янги Galaxy А56 5G, А36 5G ва А26 5G смартфонларини тақдим этди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди