Жаҳон | 09:22 / 12.03.2021
3832
2 дақиқада ўқилади

БМТда очарчиликка қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилади

Фото: Reuters

БМТ котибияти таркибида очарчиликка қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилади. Ишчи гуруҳ очарчиликнинг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва ундан энг кўп азият чекувчи давлатларга ёрдам бериш учун саъй-ҳаракатларни сафарбар қиишда ёрдам беради.

Ишчи гуруҳ ташкил этилиши ҳақида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши йиғилишида эълон қилди.

“Мен гуманитар масалалар бўйича ўринбосарим Марк Лоукок раҳбарлигида очарчиликнинг олдини олиш бўйича олий даражадаги ишчи гуруҳ ташкил этишга қарор қилдим. Ушбу гуруҳ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ва Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти вакилларини ўз ичига олади”, деб айтган Гутерриш.  

БМТ бош котиби очарчилик уруш олиб боришнинг воситаси сифатида тобора кўпроқ қўлланаётганига эътибор қаратган. У бунга мисол сифатида Суриядаги вазиятни келтириб ўтган. Бошқа ҳудудлардаги инқирозлар эса озиқ-овқат етказишда қийинчилик туғдирмоқда. 

Гутерриш шошилинч чоралар кўрилмаса, дунёда миллионлаб одамлар очарчилик ва ўлим ёқасига келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

БМТ маълумотларига кўра, 2020 йил охирида дунёда 88 млндан кўпроқ одам очарчиликдан азият чеккан. Бу эса 2019 йилдагига нисбатан 20 фоиз кўпроқни ташкил қилган. 

“2021 йилга прогнозлар ҳам ушбу қўрқинчли тенденциянинг давом этишини кўрсатмоқда”, деб айтган БМТ раҳбари ва иқлим ўзгаришлари ҳамда пандемия бу вазиятни янада чуқурлаштираётганини қўшимча қилган.

Шу муносабат билан Гутерриш халқаро ҳамжамиятни очарчиликка қарши кураш ва унинг пайдо бўлишига олиб келувчи инқирозларни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширишга чақирган. “Очарчилик устидан ғалаба – барқарорлик ва тинчлик негизидир. Агар биз бу чақириқларни енгишни истасак, унда очарчилик муаммолари билан бир қаторда инқирозларни тўхтатиш билан шуғулланмоғимиз лозим”, деб таъкидлаб ўтган БМТ бош котиби. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид