Ўзбекистон | 14:03 / 13.03.2021
9964
2 дақиқада ўқилади

Жо Байден Шавкат Мирзиёевни Наврўз билан табриклади

АҚШ президенти Жозеф Байден Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевни Наврўз билан табриклади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевга йўлланган мактубда президент ва Ўзбекистон халқига энг эзгу тилаклар изҳор этилган.

Афғонистонда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш борасидаги биргаликдаги ишлар қайд этилиб, Байден администрацияси кейинги йилларда Ўзбекистонда эришилган муваффақиятларни давом эттириш учун ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.

Қуйида мактуб матни келтирилади:

«Ҳурматли Президент жаноблари! Сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз тинч, бахтли ва фаровон бўлишини тиламоқчиман.

Афғонистонда урушга чек қўядиган, барқарор ва дипломатик ечимни таъминлайдиган тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш борасидаги биргаликдаги ишларимизда Наврўз байрами тинчлик ниҳоятда муҳим неъмат эканини эслатиб туради.

Жорий йилда Ўзбекистон мустақиллигига 30 йил тўлади. Кейинги йилларда Сиз муҳим ислоҳотларни амалга оширдингиз ва менинг Администрациям бу муваффақиятни давом эттириш учун мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Биз, шунингдек, беш йил аввал Давлат котиби Жон Керри раҳбарлигида бошланган «C5+1» мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик давом этишидан умидвормиз.

Сизга ва Ўзбекистон халқига шу янги йилда ва янги баҳор фаслида энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Наврўз муборак!».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид