23:10 / 15.03.2021
9122

Дунёда энг кўп қурол Яқин Шарққа сотилаётгани маълум қилинди 

АҚШ, Россия, Франция, Германия ва Хитой қурол экспорт қилиш бўйича етакчи давлатлар бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, энг кўп қурол Яқин Шарқ давлатлари, жумладан Саудия Арабистони ва Қатарга импорт қилинмоқда.

Фото: Picture Alliance

Тинчлик масалалари бўйича Стокҳолм институти (SIPRI) баёнотида айтилишича, охирги 10 йил давомида дунё бўйича қурол савдоси ҳажми ортмаган. Бироқ баёнот муаллифларининг айтишича, вазият ўзгариши мумкин. 

“Мисол учун, пандемиянинг иқтисодий оқибатлари баъзи давлатлар яқин йилларда қурол импорти бўйича ўз режаларини қайта кўриб чиқишига олиб келиши мумкин”, дейилган ҳужжатда.

Айни вақтда дунёда қурол экспорти бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда, унга дунё бўйича умумий қурол савдоси ҳажмининг учдан бир қисмидан кўпроғи тўғри келмоқда. АҚШнинг қурол экспортидаги улуши охирги 5 йилда 32 фоиздан 37 фоизгача ўсган. 

2-ўринни Россия эгалламоқда, бироқ 2016 йилдан буён унинг экспорти ҳажми 18 фоизга қисқарган. Бунга Ҳиндистонга қурол экспортининг ярмигача тушиб кетгани асосий сабаб ҳисобланади.

Бу борада кейинги ўринларни Франция ва Германия эгалламоқда. Ушбу давлатлар охирги 5 йил давомида қурол экспортини рекорд даражада ошира олди. Жумладан, Франция қурол савдоси ҳажмини 44 фоизга, Германия 21 фоизга оширган. Франция қуролининг асосий харидорлари Ҳиндистон, Миср, Қатар, Германияники эса Жанубий Корея, Жазоир, Миср ҳисобланади. 

Қурол савдоси бўйича етакчи бешталикдан Хитой ҳам жой олган. Унинг охирги 5 йилда қурол экспорти ҳажми 7,8 фоизга қисқарган. Хитой ўз қуролини асосан Покистон, Бангладеш ва Жазоирга сотмоқда.

Баёнотга кўра, Яқин Шарқ давлатларининг қурол импорти ҳажми 2016-2020 йилларда 25 фоизга ўсган. Бу асосан Саудия Арабистони (61 фоизга ўсган), Миср (+136 фоиз) ва Қатар (+361 фоиз) ҳисобига юз берган. 

Top