Ўзбекистон | 21:56 / 17.03.2021
47532
7 дақиқада ўқилади

Отабек Сатторий судда кўрсатма берди

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлисининг аввалида икки нафар жабрланувчи, сўнг Отабек Сатторий сўроқ қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Facebook / Otabek Sattoriy

Отабек Сатторийнинг маълум қилишича, уни қўлга олишгандан сўнг, қамоқхонада турли босимлар ўтказилган. Блогер уни юқумли касалликларга чалинган шахслар билан бирга сақлашгани ва бу ҳақда уни огоҳлантиришмаганини айтди.

Шунингдек, Сатторий совуқ камерада юпун ҳолда сақлашгани ва отаси олиб келган иссиқ кийимни олиб кириб беришмаганини билдирди.

Унинг айтишича, терговчилардан бири унга: «Ҳужжатларга тезроқ қўл қўйиб бер. Сен пишдинг. Битта умидинг – иқрор бўлиш», деган гапларни айтган ва пўписа қилган.

Судланувчига кўра, терговчилар унга: «Сенларга катта эрк бериб юборишди. Индамаса, ўзларингдан кетиб қоляпсанлар. Сенларни сўз эркинлигингдан маҳрум қиламиз. Йўлингдан қайтмасанг, ёмон бўлади. Сени деб ҳамма блогерларнинг овози ўчади», дейишган.

Отабек Сатторий тергов давом этаётган пайтда очлик эълон қилгани ва президентдан сиёсий бошпана сўраганини айтиб ўтди.

Отабек Сатторий Шеробод бозорида рўй берган ҳодиса ҳақида ҳам тўхталди. Унинг айтишича, шериги Фарҳод билан бозорларда арзон-маҳсулотлар нархини барқарор ушлаш ва арзон-озиқ овқатлар расталарини ташкил этишга оид қарор ижросини Сурхондарёдаги мутасаддилар қай даражада бажаришаётганини ўрганиш мақсадида Шеробод бозорига борган.

Унинг айтишича, Шеробод туманидаги бозорни видеога олган ва чиқиб кетаётганида иккита нотаниш йигит уларнинг йўлини тўсган. Улардан бири Отабек Сатторийнинг қўлидаги телефонни тортиб олган. Шундан сўнг, Отабек ва унинг шериги туман ҳокимига бориб учрашган. Ҳоким ички ишлар бўлимига телефон қилган. Отабекнинг телефонини бошқа шахс олиб келиб берган. Отабек Сатторий ички ишлар ходимларидан бирига оғзаки мурожаат қилган ва телефонини тортиб олган зўравонларга чора кўришни сўраган. Ички ишлар ходимлари уларни яраштиришга уринган. Отабекнинг телефонини тортиб олган йигитлар келиб кечирим сўрашган.

Отабек Сатторийнинг кўрсатмасида айтишича, Шерободдан чиқиб кетаётганда телефонига зарар етказишганини сезган. Орадан бир ой ўтиб, у бошқа бир мурожаат ортидан Шеробод тумани ҳокимиятига борган. Тумани ҳокими ундан «телефонинг нима бўлди» деб сўраган ва зарар етган телефон ўрнига бошқа телефон олиб беришини айтган. Шундан сўнг, Отабек Сатторийга Шеробод тумани ҳокимининг ўринбосари қўнғироқ қилиб, телефонни бозор директори олиб беришини билдирган. Бозор директори телефонни олиб келиб берган пайтда уни тезкор ходимлар ушлашган.

«Мен на ҳокимга, на унинг ўринбосарига, на бозор директорига телефон олиб бер демаганман. Ҳокимнинг ўзи зарар етган телефонимнинг ўрнига телефон олиб беришини айтди. Афсуски, шу баҳона тадбир уюштиришди», деди у.

Судья Отабек Сатторийдан: «Зарар етказилган телефонингиз 200-250 доллар атрофида бўлган. Сиз нега 500 доллар нархланадиган телефон олгансиз?» дея сўради. Судланувчининг жавоби қуйидагича бўлди: «Ўзлари рози бўлиб беришди. Менинг телефонимга зарар етказишди ва оқибатда мен анча нарса йўқотдим. Бунинг эвазига бошқа маркадаги телефонни сўрадим».

«Демак, ҳокимият ёки бошқа бир ташкилот сизга қимматбаҳо нарса совға қилса, олар экансиз-да?» деб берилган саволга, Отабек Сатторий: «Ўзи рози бўлиб совға қилса, ким олмайди?» деб жавоб берди.

Судда иштирок этаётган прокурор Отабек Сатторийга: «Айтинг-чи, сиз 5 миллион сўмлик телефонни совға тариқасида олганмисиз ёки зарар етказилган телефонингиз ўрнига олганмисиз?» деб савол берди. Сатторий бу саволга: «Совға қилишгани учун олдим, совға пора ҳисобланмайди-ку» деб жавоб қилди.

Судда прокурорнинг маълум қилишича, Шеробод бозорининг директори Отабек Сатторовдан «қандай телефон ишлатасиз?» деб сўраганида, у «Vivo 40» русумли телефон ишлатишини, аммо «Vivo 50» телефонини олиб берса ҳам яхши бўлишини айтган.

Прокурор: «Сиз Шеробод бозори директорига телефонда гаплашмайлик, 1-2та прокурорларнинг думини босганим учун босим ўтказишяпти», дегансиз. Қани айтинг-чи, қайси прокурор сизга босим ўтказган?» деб берган саволига Отабек Сатторий «ҳазиллашганман» деб жавоб қайтарди.

Сўроқ давомида Отабек Сатторийдан «Шу пайтгача сиз қаердан даромад қилгансиз ва қилган даромадларингиздан солиқ тўлаганмисиз?» дея сўралганида, у: «Бир йилдан бери ишламаяпман. Унгача турли жойларда ишлаганман ва солиқ тўлаганман», дея жавоб қайтарди.

«Бир йилдан бери ниманинг ҳисобидан даромад қиляпсиз? Тирикчилик қаердан ўтяпти?» деган саволга, у аввалига: «Буни айтишим шарт эмас. Бу саволнинг жавоби сир бўлиб қолсин», деди. Савол такрорий берилганда, «Ота-онамнинг пенсияси ҳисобидан яшаб келяпман», деб жавоб берди.

Шунингдек, судланувчига Шерободдаги бозор қанақа бозор экани билан қизиқдингизми, қандай бозор эканини билармидингиз, деган савол берилди. Сатторий «Қанақа бозорлиги билан қизиққаним йўқ. Мен халқ манфаати учун борганман», деб жавоб берди.

Савол берувчи: «У бозор деҳқон бозори эмас ва у ерда озиқ-овқат сотилмайди. У бозор кийим-кечак бозори. Шундай экан, у ерда халқ манфаати учун арзон озиқ-озиқ овқат етказиб бериш талабини ўша бозорга алоқаси борми?» деб сўради.

Отабек Сатторий: «Бозорнинг дарвозасига «бозор» деб ёзилган эди, кираверганмиз», деб жавоб берди.

Суд 25 мартга қадар танаффус эълон қилди.

Kun.uz аввалроқ ушбу судда икки жабрланувчи – «Деновгазтаъминот» ва «Бойсунтумангазтаъминот» ходимлари ҳам кўрсатма бергани, бу икки жабрланувчи Отабек Сатторий улардан 200 доллардан сўраганини айтгани ҳақида хабар берганди.

Шунингдек, мажлис аввалида жабрланувчилардан бирининг адвокати журналистларга чора кўриш бўйича судга илтимоснома киритди. Шундан сўнг судья мажлисни тўғридан тўғри эфирга узатишни тақиқлади.

Мавзуга оид