Қамашидаги эътиборталаб абгор мактаб: таклиф берилган, дастурга киритилмаган
Яқинда ижтимоий тармоқларда ярми битмаган, хароб аҳволдаги мактаб биноси тасвирлари тарқалган эди. Бу мактаб Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги 27-мактаб эканлиги маълум бўлди.
Kun.uz мухбири Қамаши туманида бўлиб, 27-мактаб «Бойбўри» МФЙ Эсабой қишлоғида жойлашганини аниқлади.
Дарвозаси бор, лекин девори йўқ мактаб 4та «корпус»дан иборат экан. Биринчиси — 1963 йилда, иккинчи бино — 1984 йилда ҳашар йўли билан қурилган, учинчи бино 1994-1995 йилларда бунёд этилган. 2000 йилда Қамашида зилзила бўлгани сабабли 4-бино қурилган. 2001-2002 йилларда 4-бино ёнида спортзал, ўғил ва қиз болалар учун алоҳида кийиниш-ечиниш хоналари қурилиши режалаштирилган эди. Лекин бу қурилиш битказилмасдан, «чала» қолиб кетган.
«Бугунги кунда мактабимизда 553 нафар ўқувчи ўқимоқда. Ўқув биноларимиз 228 ўринга мўлжалланган. Ўқувчилар 2 сменада таълим-тарбия олмоқда», — деди биз билан суҳбатда мактаб директори Холбўта Пардаев.
Маълум бўлишича, бинолардан 1984 йилда — ҳашар йўли билан қурилгани вақтинча ёпиқ. Хоналаридан омборхона тарзида фойдаланилмоқда. Лекин ўқув кўргазмалар ва доска ҳамон жойида.
«Эски нарсаларни шу хоналарда сақлаяпмиз. Бу хоналарда турган нарсалардан фойдаланиб бўлмайди», — дейди хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Акмал Болтаев.
Мактабда иситиш тизими мавжуд бўлса-да «буржуй» печлардан фойдаланилмоқда. Синфхоналарда ўқитувчи-ю ўқувчилар қалин кийимларда ўтиришганига гувоҳ бўлдик. Мўриконлар эса «чириган».
«16та синфхона мавжуд бўлса, шуларнинг барчасида хонадон буржуй печларидан фойдаланамиз. Ўтин ва кўмир билан иситамиз. «Ганнай» (мўри)ларимизни ҳар йили алмаштирамиз», — дейди А.Болтаев.
Мактаб таъмири бўйича мутасаддилар фикрига ҳам қулоқ тутдик. 2022 йилги дастурга киритиш бўйича таклиф берилган экан. Ҳали бу таклиф қабул қилинади, мактаб таъмирланади, дегани эмас.
«2022 йилга дастурга киритиш бўйича вилоятга таклиф берганмиз. Вилоят вазирликка ўтказса, тасдиқланса, мактаб дастур асосида тўлиқ реконструкция қилинади. Иситиш тизими ҳам ўша пайтда қилинади», — деди туман ХТБ қозонлар бўйича мутахассиси Ҳусан Аллаёров.
2000 йилда қурилган биносининг айрим қисмларида оёқ ости нам ҳолатда. Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири директорга юзланганида қуйидагича жавоб олди:
«Мактабимиз жойлашган жой ҳудуднинг энг паст қисмида. 2,5–3 метр кавланса ер остидан сув чиқади. Шунинг учун айрим хоналарида нам юзага чиққан. Қурилиш нотўғри лойиҳалаштирилганини билмайман, уни қурувчилар билади», — дейди Х.Пардаев.
Мактаб раҳбарияти туман ХТБдаги қурилиш бўйича масъул Шерзод Одиров томонидан берилган туман ҳокимининг «2020-2022 йилларда Қамаши тумани умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш бўйича таклифлар» рўйхатига асосланиб, давлат дастурига киритилган деб ўйлаб юришибди экан. Таклиф ва дастурнинг фарқи ҳақида ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган.
«Тугалланмай қолган биноси ва унинг ёнидаги пойдевор 2001 йилда қурилган. Ўшанда қурувчилар «бир йилда битказамиз», деб айтишган, лекин тугалланмай қолиб кетди. Мендан аввалги директорлар кўп марта мурожаат қилган. Ҳаммаси натижасиз тугаган. «Қурилиш тугалланган-ку?!» деб айтишганини эшитганмиз», — дейди мактаб директори қурилиши битказилмган бинонинг ёнида туриб.
Мактаб ҳудудида ишламай ётган артезиан қудуқ ва уни ишлатиш учун ўрнатилган трансформатор бор.
«Артезиан қудуқ ҳовли ва дарахтларни суғориш учун қурилган. Лекин ишламайди. Ҳаттоки, мактаб балансида ҳам йўқ. Ишлаганини ҳам кўрмаганман. Ҳеч қачон сув чиқмаган», — дейди А.Болтаев.
Мактабнинг иккита биноси таъмирга муҳтож. Пахсадан қурилган биноси фойдаланишга яроқсиз. Спортзал йўқ. Қурилиши якунланмай қолган бино эса ўқувчилар ҳаётига хавф солмоқда. Қолаверса, мактаб ҳудудидаги иккита трансформаторда ҳам ҳимоя зонаси йўқ.
Мактабнинг чегараси ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бизни ҳайратлантирган яна бир ҳолат — мактаб ҳудудида маҳаллий аҳоли автомобилида бемалол сайр қилиб юргани. Мактаб стадионида болалар спорт билан шуғулланаётганида оқ рангли «Nexia» русумли автомашина худди сайрга чиққандек юрибди. Раҳбариятдан кимлиги сўралганида танишмади. Қолаверса, 2000 йилда қурилган бинонинг ортидан тинимсиз автомобил қатнаркан. Одамлар ўқувчилар хавфсизлигини асло ўйлашаётгани йўқ.
«Мактабнинг чегараси ўралмагани сабабли 13-14та қўшни хонадонлар автомобили билан мактаб ҳудудидан ўтади. ИИБ участка нозирига ҳам, маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам мурожаат қилдим, лекин натижа йўқ. «Қўшнилар» униси бўлмаса – буниси барибир ўтаверади. Уларни тўхтатишнинг имконияти бўлмаяпти», — дейди мактаб директори.
«2018 йилдан буён шу мактаб бўйича мурожаат қилиб келяпман. Мурожаатдан мақсад мактабнинг таъмири, болаларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган чала қурилган бино бўйича. Ер қимирласа, ё зилзила бўлиб қолса, ичида болалар ўйнаб юрган бўлса, нима бўлади? Мактабнинг стадиони очиқ ҳолатда, дарвозасини қаранг, девор бўлмаса, дарвоза нега керак? Артезиан қудуғи бор, тайёр! Ишга тушириш керак! Президентга, халқ таълими вазирига мурожаат қилганман. Жамшид Қосимовга ҳам чиққанман», — дейди Жумагул Худойназарова.
Ж.Худайназарова Қамаши туман халқ таълими бўлими мудираси Н.Абраева юборган жавоб хатини кўрсатди. Хатда мактабга спорт зал қуриш ва бошқа объектлар 2022 йилги давлат дастури асосида қурилиб бериш киритилгани қайд этилган. Туман ХТБдан асос сўралганида 2022 йилда дастурга киритилиши мумкин бўлган мактаблар рўйхатига таклиф берилгани маълум бўлди. Яъни таклиф берилган, дастурга киритилмаган.
Мутасаддилар тез орада ушбу мактабдаги ҳолатни назоратга олишига, мактаб ичидаги серқатнов автомобил йўлини тўхтатишига, спортзал ва девор масаласини тез орада ҳал этишига умид қиламиз.
Kun.uz жараённи кузатишда давом этади.
Ўролжон Камолов, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
15:58
Россияда мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларига мактаб тақиқланмоқда. Бу ташаббус қанчалик асосли?
18:11 / 26.11.2024
Сурхондарёда юқори синфлар учун мактаб биноси ҳокимлик айби билан битказилмаяпти
13:56 / 22.11.2024
Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди, нега?
14:33 / 21.11.2024