Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг энг олис ҳудудларидан бири ҳисобланган «Қизилтепа» МФЙ Қизилтом қишлоғида сўнгги кунларда ёғган қалин қор оқибатида Майданак обсерваторияси ҳамда Қизилтом қишлоғи ўртасидаги автомобил йўлида ҳаракат чекланиб қолган.

Маълум қилинишича, юзага келган ҳолатни тезкор бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокими раҳбарлигида Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Қашқадарё вилояти ФВБ бошлиғи полковник Фарҳод Мирзаев раҳбарлигида шахсий таркиб ҳамда махсус техникалар — грейдер, булдозер ва бошқа ускуналар ёрдамида йўлни қордан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, вазиятни бартараф этиш учун етарли куч ва воситалар жалб қилинган бўлиб, ҳолат тўлиқ назоратга олинган.