Жаҳон | 08:00 / 21.03.2021
2904
2 дақиқада ўқилади

Австралияда тошқинлар сабабли одамлар хавфсиз жойга кўчирилмоқда 

21 март куни Австралиянинг тошқинлардан зарар кўрган, Сидней шаҳридан ғарбда жойлашган ҳудудлар аҳолисига хавфсиз жойларга кўчиб ўтиш буюрилди.  

7 news Australia нашрининг маълум қилишича, мамлакатнинг фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати ушбу ҳудудларда яшовчи одамларга уй ҳайвонлари, биринчи эҳтиёждаги буюмларни олиб, хавфсиз жойларда яшовчи яқинлари ва дўстлариникига кетишни буюрган.  

“Бу ҳудудда қолувчилар электрсиз, сувсиз ва бошқа зарур хизматларсиз тузоқда қолиши мумкин”, деб айтилган эвакуация ҳақидаги буйруқда.

Тошқинлардан зарар кўрган ҳудудларда бир неча кундан бери кучли ёмғирлар давом этмоқда. Жалали ёмғирлар 24 март эрталабгача давом этиши кутилмоқда. Янги Жанубий Уэлс штати ва Сидней яқинидаги дарёлар ўзанидан чиқиб кетган. Сиднейни сув билан таъминловчи асосий манба ҳисобланган Варрагамба сув омбори тоша бошлаган ҳамда Непин ва Хоксбери дарёларида сув сатҳининг кўтарилишига олиб келган. Метеорология бюроси бутун штат бўйлаб дарёлар тошиши ҳақида огоҳлантириш берган. 

Федерал ҳукумат табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларга молиявий кўмак кўрсатилишини эълон қилган. Шунингдек, Сидней ва Янги Жанубий Уэлсда ёмон об-ҳаво сабабли коронавирусга қарши эмлаш кейинга қолдирилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид