Ўзбекистон | 20:11 / 25.03.2021
18103
2 дақиқада ўқилади

Орол денгизи бўйича 5,65 миллион долларлик янги лойиҳа тайёрланмоқда

2021 йил 25 март куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Максудов ҳамда Глобал яшил ўсиш институти (The Global Green Growth Institute – GGGI) директори Франк Райсберман ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар коронавирус пандемиясидан кейинги Ўзбекистоннинг яшил тикланиши, иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, мазкур соҳаларда аниқ натижаларга эришиш учун Яшил иқлим жамғармаси ва бошқа халқаро молиявий муассасалар маблағларини биргаликда жалб этиш масалаларини муҳокама қилишди.

Айни дамда Давлат экология қўмитаси ҳамда Глобал яшил ўсиш институти Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштиришга йўналтирилган ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,65 миллион АҚШ долларига тенг.

Мазкур лойиҳа Халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг мақсади – Орол денгизи таназзули оқибатларини бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикасининг яшил реабилитациясига кўмаклашиш, шунингдек, барқарор ҳаётий таъминот ҳамда табиий хавфларга барқарорликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилашдан иборат. Бундан ташқари, яқин кунларда юқорида баён этилган институтнинг Марказий Осиёда ягона бўлган ваколатхонаси очилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Глобал яшил ўсиш институти (The Global Green Growth Institute – GGGI) халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, бош офиси Сеул шаҳрида (Жанубий Корея) жойлашган. Мазкур ташкилот 2012 йил 20 июн куни Рио-де-Жанейрода (Бразилия) БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича конференцияси доирасида таъсис этилган.

Ҳозирги кунда Глобал яшил ўсиш институти дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида 54 та лойиҳани амалга оширмоқда. Институт президенти ва кенгаш раиси БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун ҳисобланади.

Мавзуга оид