Ўзбекистон | 08:14 / 25.03.2021
1885
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда маҳаллий депутатлар олтита мактабга директор тасдиқлади

Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутатлари Қўқон шаҳридаги 10 та умумтаълим мактабидаги бўш турган директор лавозимига номзодларнинг дастури билан танишди. Депутатлар 6 та мактабга директорларни тасдиқлади, қолган 4 та мактаб директорлигига номзодлар тасдиқдан ўта олмади. 

Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг олтинчи чақириқ, XXVI сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Қўқон шаҳридаги 3, 7, 10, 12, 19, 20, 25, 27, 28, 41-мактабларга директорликка номзодларнинг 3 йиллик дастурлари кўриб чиқилди. Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан мактаб директорлари лавозимига тавсия этилган номзодларнинг 3 йиллик дастурлари депутатлар томонидан тингланди. Депутатлар номзодларни баҳолаб бориб, улар билан савол-жавоб қилди. Номзодларнинг чиқишлари Қўқон шаҳар ҳокимлигининг facebook’даги расмий саҳифаларида жонли эфирда узатилиб, кенг жамоатчилик томонидан ҳам муҳокама этилди. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг бўш турган директор лавозимларига номзодларнинг дастурларини кўриб чиқиш натижасига кўра, депутатлар томонидан 7-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Мадаминова Зиёда Сайитқуловна, 10-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Мирмақсудов Мирҳамид Ғаниевич, 19-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Шаропова Зоҳида Сулаймоновна, 27-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Тўхтабоева Феруза Ҳасанбоевна, 
28-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Раҳимбердиева Маҳфуза Муротовна, 41-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига Умеров Эскандер Азизович тавсия этилди.

Шунингдек, Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими мудири Дилфузахон Алимовага номзодлари депутатлар томонидан маъқулланмаган 3, 12, 20, 25-мактабларнинг директорлик лавозимларига қайтадан танлов ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид