Ўзбекистон | 19:55 / 01.04.2021
4470
2 дақиқада ўқилади

Сенат: Хитой билан ҳамкорликдаги 7та лойиҳа амалга оширилишида муаммолар борлиги аниқланди

ХХР билан инвестиция ва савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича тасдиқланган йўл харитасида кўзда тутилган қиймати 871 миллион долларлик 7та лойиҳа амалга оширилишида муаммолар борлиги аниқланган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида амалга оширилиши керак бўлган 177,6 миллион долларлик 7та лойиҳа истиқболсиз деб топилган.

Сенатнинг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов Хитой билан амалга оширилиши кўзда тутилган инвестициявий лойиҳалар ва бу жараёнда юзага келаётган баъзи бир муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди.

«Экспорт ва инвестиция масалаларини ривожлантириш бўйича ҳукумат комиссиясининг 2020 йил 21 декабрдаги баёни билан ХХР билан инвестиция ва савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича умумий йўл харитаси тасдиқланган. Мазкур ҳужжат қиймати 15,5 миллиард долларга тенг бўлган 139та лойиҳани ўз ичига олган. Ҳозирги кунга қадар 11,8 миллион долларлик 11та лойиҳа амалга оширилган», — деди Равшанбек Алимов.

Шу билан бирга, йўл харитасида кўзда тутилган қиймати 871 миллион долларлик 7та лойиҳа амалга оширилишида муаммолар борлиги аниқлангани айтиб ўтилди.

Хусусан, хорижий ҳамкорларнинг молиявий ҳолати ёмонлашгани сабабли Бухоро вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган қиймати 20 миллион долларлик 2та лойиҳа ижроси тўхтаб қолган ва инвесторлар билан олиб борилаётган келишувлар ҳалигача якунланмаган.

Бундан ташқари, 31 миллион долларлик 2та келишув молиялаштириш манбалари ва хорижий ҳамкорлар йўқлиги сабабли ўз вақтида бажарилмаган.

Шунингдек, 820 миллион долларлик 2та келишув тендер савдолари ўтказилмагани сабабли ўз вақтида амалга оширилмаган.

Сирдарё вилоятида бажарилиши кўзда тутилган битта лойиҳа истиқболсиз деб топилиб, тўхтатилган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ҳудудда амалга оширилиши кўзда тутилган 21та лойиҳа таклиф этган бўлиб, шундан 9таси амалга оширилган, 177,6 миллион долларлик 7та лойиҳа истиқболсиз деб топилган.

Аввалроқ 2019 йилда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига 510 миллион доллар, 2020 йилда эса 730 миллион доллар тўғридан тўғри инвестиция жалб қилингани маълум қилинганди. Хитой Ўзбекистонга инвестиция киритиш бўйича ўтган йилда биринчи ўринни эгаллаб, жалб қилинган умумий инвестицияда Хитойнинг улуши 26,2 фоизни ташкил қилган.

Мавзуга оид