09:01 / 02.04.2021
2499

Бухорода 5 юлдузли меҳмонхона ташкил этишга доир битим имзоланди

Тошкент шаҳрида «Metric Ventures» (Mj Group) ва «Hyatt International» компаниялари ўртасида Бухоро шаҳрида 5 юлдузли, Hyatt Regency бренди остида фаолият юритадиган меҳмонхонани ташкил этишга доир шартномани имзолаш маросими ўтказилди. 

Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, 2021 йилнинг IV-чорагида амалга ошириладиган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Меҳмонхона 224 хона ва 450 ўринга мўлжалланган. 7 қаватли мазкур бино қуриб битказилган. Ҳозирда хоналарга ажратиш ишлари амалга оширилмоқда. 

«Ҳеч кимга сир эмаски, Токиодаги Диснейлендга 1 ойда 1 миллион нафардан ортиқ одам ташриф буюради. Ўзбекистонни ҳам айнан шу натижага эришишига кўмаклашишга тайёрмиз. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар бизни, халқаро миқёсдаги инвесторларнинг кириб келишига катта туртки бўлди. Бухоро вилоятида 5 юлдузли меҳмонхона очишимизга сабаб ҳам мамлакатда яратилаётган имкониятлар ва инвесторларга берилаётган эътибордан далолат. Умид қиламанки, Ўзбекистонга киритган инвестицияларимиз албатта, ўз натижаларини беради», – дея таъкидлаган «Hyatt International Development»нинг Европа, Африка, Ўрта Шарқ ва Жануби-Ғарбий Осиё бўйича вице-президенти Такуя Аояма тадбирда.  

Аввалроқ, АҚШнинг «Valor Hospitality Partners» компанияси билан Ўзбекистонда компания бошқарув офисини очиш ва Бухоро шаҳрида Hyatt Regency бренди остида 5 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш бўйича келишувга эришилгани хабар қилинганди.

Top