Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухородаги тарихий мажмуа олдида ноқонуний тарғибот: ММА турнири баннерида онлайн қимор ўйини логотипи ҳам бор
Бухоро шаҳрида жойлашган Нодир Девонбеги мадрасаси олдига онлайн қимор рекламаси акс этган баннер ўрнатилди. Мадраса маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган бўлиб, у UNESCO’нинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудуд таркибида жойлашган.
Бухоро шаҳрида 30 апрел куни аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича мусобақа ўтказилиши белгиланган. Турнирдан олдинги матбуот анжумани шаҳардаги Нодир Девонбеги маданий мерос объекти ҳудудида ўтказилган.
Kun.uz манбасининг хабар беришича, айнан шу мадраса олдига турнир рекламаси акс этган катта баннер ўрнатилган. Баннердан Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, «1Xbet» букмекерлик компаниясининг логотипи ўрин олган. Мазкур ҳолат амалдаги қонунчилик талабларига мутлақо зид ҳисобланади.
Жумладан, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига мувофиқ, ташқи рекламани моддий маданий мерос объектларига ўрнатиш, шунингдек, туташ ҳудуддаги ободонлаштириш элементларини бузган ҳолда жойлаштириш қатъиян тақиқланади.

Шунингдек, мазкур қонуннинг 46-моддасида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан, телекоммуникация тармоқлари ҳамда интернет орқали ташкил этиладиган ўйинлар рекламаси тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, тарихий ва маданий жиҳатдан беқиёс аҳамиятга эга бўлган мазкур объект ҳудудида тотализатор рекламаси акс этган баннернинг ўрнатилиши республика миллий меросига нисбатан ҳурматсизлик саналади.
Маданий мерос агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, бундай турдаги ҳар бир объектда тадбир ўтказиш аввалидан агентликни тегишли тартибда хабардор қилиш, рухсатини олиш шарт. Бундан ташқари, овоз кучайтириш мосламаларини ҳам келишилмаган равишда қўйиш тақиқланади. Ушбу спорт тадбири ўтказилишидан эса агентлик бехабар бўлган.
Мавзуга оид
09:15
Бухоро ва Сурхондарёда Афғонистондан контрабанда қилинган опийнинг катта партияси аниқланди
16:29 / 24.04.2026
“Бухоро бўйича алоҳида йиғиламиз” – Маданий мерос агентлиги Бухоро этнотуристик маркази ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирди
20:10 / 18.04.2026
Бухорода маст ҳайдовчи ЙТҲ содир этди
22:15 / 11.04.2026