Ўзбекистон | 08:03 / 05.04.2021
39364
2 дақиқада ўқилади

Наманганда махсус боғча тарбияланувчиси қаттиқ куйиш оқибатида вафот этди

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги 31-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси куйиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Наманган вилоят прокуратураси маълумот берди.

Қайд этилишича, Давлатобод тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги  31-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида тарбияланган, 2015 йилда туғилган Улуғбек Ҳошимов 2021 йил 5 феврал куни ўзининг эҳтиётсизлиги натижасида муассаса иссиқ сув тизимидаги иссиқ сув жўмрагини очиб юбориши натижасида 2-даражали 65 фоиз куйиш тан жароҳати олиб, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига ётқизилган. 

Вояга етмаган У.Ҳошимов 2019 йил 27-февралдан буён ушбу муассасада ақлий ривожланиши орқада қолиш ташхиси билан тарбияланиб келгани маълум бўлган.
 
Олиб борилган тиббий муолажаларга қарамасдан, вояга етмаган фуқаро У.Ҳошимов куйиш натижасида олган тан жароҳатлари оқибатида 2021 йил 24 феврал куни вафот этган. 

Наманган вилоят СТЭБнинг 24 феврал кунги 70-сонли хулосасида марҳум У.Ҳошимовнинг ўлими - қайноқ сувдан бош, юз ва тананинг бошқа қисмлари 2-, 3-даражали 70 фоиз куйиши асорати натижасида полиорган юрак қон-томир етишмовчилиги натижасида юз бергани ва мурда танасида куйишдан бошқа тан жароҳатлари аниқланмагани кўрсатилган. 

“Мазкур ҳолатга тергов йўли билан баҳо бериш зарурияти туғилганлиги сабабли, Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми, 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижалари ҳақида маълум қилинади”, дейилади Наманган вилоят прокуратураси хабарида. 

Мавзуга оид