Жаҳон | 07:18 / 06.04.2021
5687
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған собиқ адмиралларнинг Монтрё конвенцияси бўйича мактубини қоралади 

Фото: ТАСС

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 104 нафар истеъфодаги адмирал томонидан имзолаган Монтрё конвенцияси бўйича очиқ мактубни қоралади ва бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. 

Аввалроқ очиқ мактубда Туркияда янги Истанбул канали қурилишига қарши чиққан ва у билан боғлиқ ҳолда Туркиянинг Монтрё конвенциясидан чиқиши мумкинлигидан ташвиш билдирган 104 нафар истеъфодаги адмиралга нисбатан тергов ҳаракатлари бошлангани маълум қилинганди.

“104 адмирал йиғилиб, бир онда бундай ҳужжатни тарқатишига йўл қўйиб бўлмайди. Буни сўз эркинлиги деб атаб бўлмайди, чунки эркинлик сайланган ҳукуматни ағдаришга қаратилган фикрларнинг билдирилишини кўзда тутмайди”, деб айтган Эрдўған.    

Бундан ташқари, Туркия президенти Монтрё конвенцияси ва Истанбул каналини қуриш лойиҳасини боғлашга уринишни хато деб атаган. “Истанбул канали қурилиши лойиҳаси Туркиянинг Босфор устидан суверенитетини кучайтиришга қаратилган. Бу лойиҳага қарши чиқаётганлар республикамиз ва Отатуркнинг ҳақиқий душманлари ҳисобланади”, деб қўшимча қилган Эрдўған.  

“Монтрё конвенцияси ўз даврида Туркия учун муҳим иш бўлган. Биз конвенция ўрнини босувчи бошқа ҳужжат пайдо бўлмагунча унинг бандларини бажаришни давом эттирамиз”, деб таъкидлаб ўтган Туркия раҳбари.  

Анқара прокуратураси мактубни имзолаган собиқ ҳарбийларга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлаган. Ушбу иш доирасида 10 нафар собиқ адмирал ҳибсга олинган. Таъкидланишича, бош прокуратура ушбу мактубни ким тайёрлагани ва унга кимлар алоқадорлигини аниқламоқчи. 

Собиқ адмиралларнинг позицияси Туркиянинг баъзи юқори мансабдор сиёсатчилари ва президент маъмурияти томонидан ҳам кескин танқидга учраган. Охирги йилларда Туркияда Анқаранинг Монтрё конвенциясидаги иштирокини қайта кўриб чиқиш бўйича баҳслар вақти-вақти билан фаоллашиб туради. Туркия раҳбарияти конвенциядан чиқиш бўйича ҳеч қандай ҳаракатларни амалга оширмаяпти, бироқ 1936 йилда тузилган ушбу келишувнинг барча бандлари ҳам Туркиянинг ҳозирги манфаатларига ва халқаро вазиятга тўлиқ жавоб бермаслигини билдирмоқда.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид