Ўзбекистон | 09:27 / 06.04.2021
4380
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 35 мингдан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда вакцинация бошланганидан буён 35 мингдан ортиқ киши коронавирусга қарши эмлангани ҳақида маълумот берди.

«Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан  шу кунгача коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 35386 нафарга етди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида. 

5 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни Самарқанд вилояти (1783 нафар), Тошкент шаҳри (1691 нафар), Тошкент вилояти (1321 нафар), Наманган вилояти (1171 нафар) ва Андижон вилояти (1128 нафар) банд қилди.

Эмлаш жараёнлари давом этади.

Шу йилнинг 1 апрел куни  5018 нафар, 2 апрел куни  9211, 3 апрел куни  9551 нафар фуқаро эмланган эди. 

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси COVAX дастури доирасида бепул тақдим этилган AstraZeneca вакцинаси (660 минг доза) ҳамда Хитойда ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси (1 миллион доза) билан эмланмоқда.

COVAX дастури доирасида жорий йилнинг май-июн ойларида 2 млн доза AstraZeneca, апрел-июн ойларида эса 3,5 млн доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда. 

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид