Ўзбекистон | 10:17 / 08.04.2021
3826
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сўнгги бир кунда 15 мингдан ортиқ киши эмланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир кунда Ўзбекистоннинг 8 ҳудудининг ҳар бирида коронавирусга қарши эмланганлар сони камида минг нафарни ташкил этгани ҳақида хабар берди. Мамлакат бўйлаб яна 15 мингдан ошиқ киши эмланиб, шу вақтгача вакцина олганлар сони 65 мингга яқинлашган.

«7 апрель куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан жами 15250 нафар киши COVID-19га қарши эмланди. Бу вакцинациянинг илк ҳафтасидаги энг юқори натижа бўлди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Шу тариқа, айни кунгача коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 64 852 нафарга етди. 

7 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни: 

  • Наманган вилояти (2521 нафар),
  • Самарқанд вилояти (1732 нафар), 
  • Тошкент вилояти (1539 нафар),
  • Андижон вилояти (1529 нафар),  
  • Тошкент шаҳри (1394 нафар), 
  • Қашқадарё вилояти (1381 нафар) 
  • Жиззах вилояти (1061 нафар) 
  • Қорақалпоғистон Республикаси (1030 нафар) банд қилди.

«Яна бир эътиборли жиҳати шуки, пойтахтимизда коронавирусга қарши эмланган аҳоли ҳудудлар орасида биринчи бўлиб 10 минг нафардан ошди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси COVAX дастури доирасида бепул тақдим этилган AstraZeneca вакцинаси (660 минг доза) ҳамда Хитойда ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси (1 миллион доза) билан эмланмоқда.

COVAX дастури доирасида жорий йилнинг май-июн ойларида 2 млн доза AstraZeneca, апрел-июн ойларида эса 3,5 млн доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда. 

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид