Жамият | 20:37 / 09.04.2021
21544
3 дақиқада ўқилади

«Чўпонлик отамдан мерос» — чоркесарлик Самандар чўпон

Kun.uz сайти ижодкорлари чекка ҳудудларда, ҳалол меҳнат ортидан ризқ топаётган оддий инсонлар ҳаёти ҳақида репортажлар уюштириб келмоқда. Галдаги қаҳрамонимиз — Наманган вилояти, Поп тумани, Чоркесар қишлоғида истиқомат қилувчи уста чўпон Самандар Тўйчиев бўлди.

Самандар ака тоғ-у тошлар орасида улғайган. У эсини танибдики, қўй, эчки боқади. Ҳозир 400дан ошиқ зотдор эчкини қир-адирларда ўтлатиб юрибди.

Ўзининг айтишича, бу эчкиларнинг юнги қимматбаҳо ва жуда талабгир. Шу сабаб Чоркесар қишлоғи атрофида бу турдаги эчкилар кўп боқилади.

Чўпоннинг бир эчкиси шу кунларда болалабди. Улоқча туғилганда совуқ шамол ҳукмрон эди, касал бўлиб қолмаслиги учун қопга солиб юришган экан. Самандар аканинг айтишича, бу турдаги эчкилар бир мартада битта туғади. Такаси эгизак бўлса, эчки ҳам эгизак туғиши мумкин.

Уста чўпон эрта тонгда эчкиларини тоғ томон бошлайди. Куни бўйи 10-15 км йўл юради. Эчкилар тоғ-у тошларда кийик каби юришини ҳисобга олганда, чўпон ҳам оддий одам юришга қийналадиган йўллардан юришига тўғри келади.

Чўпонлар тилида чувалама йўл, деб аталувчи сўқмоқ бизга бир мунча қийинчилик туғдирди. Эчкилар баҳор пайти қир-адирларда боқилади. Юнги олингач, тоғ томон йўл олишади. Чунки тоғда ўт-ўлан кўп.

«У ёқда кийикўт, бедака, шувоқ, чака ва кўплаб ўт тури бор», — дейди чўпон.

Ундан тоғ-тошлар орасида қандай адашмай юришини сўрадик. «Бегона жойлар бўлса адашиб қолишим мумкин. У ҳам туман тушган пайтда. Бу ерларда ҳеч адашмайман. Тоғлар орасида нима қаерда жойлашган, ҳаммасини биламан», — дейди у.

Чўпон адирга туташ ерда қурилган махсус уйда яшайди. Уй олдида қўра қурилган. Эчки ва улоқчаларни чўпоннинг қўриқчи итлари қўриқлайди. Улоқчалар шу ерда оналари келишини кутишади.

Чўпон қишлоқдаги уйига катта ўғли навбат алмашганда бориб келади. Ҳозирда яшаётган уйига электр энергияси етиб келмагани боис қуёш батареясидан фойдаланади.

Самандар Тўйчиев подани боқиш унга ўзгача завқ бағишлаши, эчкилари кўпаяётганини, семириб, эт олаётганини кўрса хурсанд бўлишини айтиб ўтди.

Чўпонликни яхши кўрадиган, жониворларга меҳри ўзгача Самандар аканинг меҳнатига барака тилаб хайрлашдик. Адирларни тарк этар эканмиз, тоғ транспорти бўлмиш эшакларда машина юрадиган йўлгача етиб олдик.

Тоҳиржон Турсунов, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид