Куни-кеча ижтимоий тармоқларда «Одилхон қори» номи билан машҳур бўлган собиқ имом Одилхон Исмоилов қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Баъзи манбаларда унга нисбатан қидирув эълон қилингани ҳам ёзилди.

Kun.uz'га маълум бўлишича, 2026 йил 21 январ куни Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп туман судида қатор иқтисодий жиноятлар содир қилишда гумонланган 6 кишига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган.

Ушбу ишда гумонланувчилар қаторида Одилхон Юнусхон ўғли Исмоилов ҳам бор. Тергов органи унга нисбатан Жиноят кодексининг 8 та моддаси бўйича айблов қўйган. Хусусан:

  • 167-модда 3-қисми "а" банди, "в" банди – Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан);
  • 179-модда – Сохта тадбиркорлик;
  • 184-модда 3-қисми – Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш;
  • 189-модда 1-қисми – Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш;
  • 209-модда 2-қисми "а" банди, "б" банди – Мансаб сохтакорлиги;
  • 227-модда 2-қисми "а" банди – Ҳужжатлар, штамплар, автомототранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш;
  • 228-модда 2-қисми "а" банди, "б" банди – Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш;
  • 228-модда 3-қисми – Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш.

Бундан ташқари, Одилхон Исмоилов билан бирга яна 5 киши ушбу иш доирасида айбланмоқда. Уларга ҳам шу турдаги бир қанча моддалар билан айбловлар қўйилган.

Иш судя Адолат Хўжаева раислигида кўрилган, жабрланувчилар қаторида Беҳзод Аҳмедов ва Ғолибжон Ўринбоев саналган.

Олий суд матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, 49 ёшли Одилхон Исмоилов ва бошқалар, жами 6 кишига нисбатан Жиноят кодексининг 167, 179, 184, 189, 28, 209, 209, 227, 228-моддалари билан айблов қўйилган. Уларга оид жиноят иши айни пайтда жиноят ишлари бўйича Поп туман судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, 5 нафар судланувчи жумладан Одилхон Исмоиловга нисбатан ҳам «қамоққа олиш» эҳтиёт чоралари, 1 нафар шахсга эса «гаров» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Олий суд расмийси суд жараёни якуни бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.