Ўзбекистон | 10:36 / 09.04.2021
14499
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев водород энергетикасини ривожлантириш тўғрисида қарор имзолади

Президент “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг:

  • Фанлар академиясининг “Халқаро қуёш энергияси институти” МЧЖ негизида Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини;
  • институт тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот марказини ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораториясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
  • Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича идоралараро комиссия тузилди ва унга қуйидаги вазифалар юкланди:
  • институт фаолияти ташкил этилишини мувофиқлаштириш;
  • қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича миллий стратегия ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек ушбу соҳалардаги истиқболли лойиҳалар амалга оширилишини таъминлаш;
  • қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида зарур тадқиқотлар ўтказиш ҳамда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш масалаларида вазирлик ва идораларга кўмаклашиш;
  • қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш ҳамда илмий-техникавий лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш.

Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва водород энергетикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантириш, ушбу соҳаларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари ва водороддан олинган энергияни электр ҳамда иссиқлик энергиясига айлантириш ҳисобига улардан иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ва тармоқларида самарали фойдаланиш усулларини ўрганиш ва жорий этиш;
  • қайта тикланувчи энергия ва водородни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва (ёки) уларни халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар талабларига мослаштириш;
  • илғор давлатларнинг мазкур соҳалардаги илмий муассасалари, марказлари ҳамда экспертлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва улар иштирокида тадқиқотлар ташкил қилиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларда иштирок этиш;
  • маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари билан биргаликда илмий изланишдан ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзаро боғловчи яхлит тизимни шакллантириш ва юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари ва водород ишлаб чиқарувчи, улардан фойдаланувчи ҳамда ушбу турдаги энергия билан ишловчи ускуна, қурилма ва технологияларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш.

Мавзуга оид