Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Каталонияда жамоат транспорти: Барселона ва Жирона шаҳарлари мисолида (фото)
Kun.uz'нинг Uzbek.Life лойиҳаси чет элдаги ҳамюртларимизнинг турли мавзулардаги қизиқарли материалларини бериб боришни йўлга қўймоқда. Бугунги дастлабки мақолада бир неча йиллардан буён Испанияда яшаётган колумнист Мақсуд Саломов Каталониядаги жамоат транспорти ҳақида сўз юритади.
Каталония – Испаниядаги мухтор ҳудуд. Тўртта провинция – Барселона, Таррагона, Лейда ва Жиронадан иборат. Провинциялар ҳам бир қанча шаҳарлар ва бошқа ҳудудий бирликлардан ташкил топган.
Жамоат транспорти турлари, шароитлари ва нархлари провинция ва шаҳарга қараб фарқ қилади. Каталониядаги жамоат транспорти ҳақида умумий тасаввурга эга бўлишингиз учун битта катта, битта кичик шаҳарни мисол сифатида оламиз: катта шаҳар – Барселона (Барселона провинцияси пойтахти), кичик шаҳар эса – Жирона (Жирона провинцияси пойтахти).
Ўзим Жиронада яшаганим сабабли, келинг, саёҳатни Жиронадан бошлаймиз.
Жиронада автобусдан бошқа жамоат транспорти воситаси йўқ
Нисбатан кичик шаҳар бўлгани сабабли Жирона шаҳри ичидаги ягона жамоат транспорти – автобусдир. Автобуслар 10 та йўналиш бўйлаб қатнайди, лекин улардан фойдаланувчилар у қадар кўп эмас. Бунинг сабаби иккита:
1. Жирона – кичик шаҳар ва диққатга сазовор ерлар ёки асосий ҳукумат ташкилотларининг деярли барчаси бир-бирига яқин жойлашган. Шаҳарни бемалол пиёда кезиб чиқиш мумкин.
2. Ҳозирда пандемия сабабли кишилар автобусдан имкон қадар фойдаланмасликка ҳаракат қилади.
Автобусда йўл ҳақини нақд тўлай олиш – қулайлик
Жиронада автобус ҳақини нақд тўлашингиз мумкин. Нақд тўланганда бир марта автобусдан фойдаланиш учун 1,4 евро (тахминан 17 400 сўм) тўлайсиз.
Автобусда йўл ҳақини тўлаш учун нақд пул ҳам қабул қилинишини жуда қулай деб биламан. Кўпгина Европа шаҳарларида автобус ҳақини нақд тўлай олмайсиз. Албатта йўл чиптаси сотиб олишингиз керак бўлади. Бундай чипталар эса махсус бекатлар ёки чипта автоматларида сотилади. Чиптани харид қилиш учун эса улар сотиладиган бекат ёки чипта автоматини топиб олишингиз керак. Ҳар замонда бир автобусга чиқадиган киши учун бу ноқулайлик туғдириши мумкин.
Масалан, Люблянага (Словения) илк бор борган кунимизда ҳали ижарага уй топмагандик ва излаш жараёнида эдик. Бир уйни кўриш учун автобусда бормоқчи бўлганимизда ҳайдовчи йўл ҳақини нақд тўлаб бўлмаслиги, пул солиб кўп марта ишлатиш мумкин бўлган чипта сотиб олиш лозимлиги ва бундай чипталарни махсус чиптахоналар ёки марказий бекатдан топиш мумкинлигини айтган. Чиптахона топгунимизча уй эгаси билан келишилган вақт ўтиб ҳам кетган ва ўша уйни кўргани бора олмаганмиз.
Йўл чипталарининг эса тури кўп: бир неча соатлик, кунлик ёки ойлик чипталар олиб, фойдаланиш мумкин.
Пандемия туфайли қатъий гигиеник қоидалар амалда
Автобусга чиққанда (умуман, кўчада ҳам), албатта, юз ниқоби таққан бўлишингиз лозим. Автобусга кирганда эшик ёнида қўлни тозалаш учун дезинфекция қилиш воситаси туради – қўлингизни тозалашингиз шарт. Шунингдек, йўловчиларнинг ёнма-ён ўриндиқларда ўтириши ҳам мумкин эмас (бир оила вакиллари бундан мустасно).
Автобус бекати битта устун ва белгидан иборат бўлиши мумкин
Шаҳарнинг аксарият қисмида автобуслар учун ойнали ва ўриндиқли бекатлар қурилган. Лекин нисбатан чеккароқ жойларда автобус бекати, шунчаки, битта устун ва унга ўрнатилган белгидан иборат бўлиши мумкин.
Автобусдаги маълумот ва қоидалар 2 тилда ёзилади
Каталонияда исталган жамоат транспортидаги маълумот ёки қоидалар одатда 2 тилда – каталан ва испан тилида ёзилади. Баъзан эса фақат каталан тилида ёзилади, испанчаси келтирилмайди.
Икки тилдан фойдаланиш ҳолати фақат жамоат транспортида эмас, шифохона, ФҲДЁ, супермаркет ва бошқа ерларда ҳам хабарлар 2 тилда бўлади. Каталонияликлар эса ўзаро гаплашганда, одатда, фақат каталан тилидан фойдаланади, испанча гапирмайди.

Жирона, автобуснинг фавқулодда чиқиш деразаси. Дераза ойнасида «Фавқулодда чиқиш» жумласи ҳам каталанча («Sortida d'emergencia») ёзилган.
Йўллар автоуловлар, пиёдалар ва велосипедлар учун мосланган
Йўлларнинг деярли барчаси 3 қисмга – автоуловлар, велосипедлар ва пиёдалар қисмига бўлинади (айрим тор кўчалар бундан мустасно).
Ҳар қандай йўлда пиёдалар учун шароит қилинган
Жиронада хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, барча йўлларда пиёдалар учун шароит қилинган. Бу шароит пиёдалар учун алоҳида йўлакнинг борлиги, йўлак бўйлаб дарахтлар экилгани (90 фоиз ҳолларда) ва йўлни кесиб ўтиш учун махсус пиёдалар ўтиш жойларининг кўплиги, қисқа масофада учрашида кўринади.
Шаҳарлараро поездлар
Бир шаҳардан иккинчисига боришда фойдаланиладиган жамоат транспорти – поезддир.
Поездлар кўпинча одатий ва тезюрар поездларга бўлинади. Поезд чиптаси нархлари ҳам поезд тури ва қачон жўнаб кетишига қараб фарқ қилади. Масалан, бир неча кундан сўнг Жиронадан Барселонага бориш учун (масофа 102 км) чипта нархлари – 8,40 евро (тахминан 104 минг сўм)дан бошланар экан.
Пандемия сабабли поездлар ҳам бўшаб қолган. Қуйидаги сурат Жиронадан Барселонага боришимда олинган – вагонда (тезюрар поезд) мендан бошқа ҳеч ким йўқ.
Поездларда ҳам коронавирусга қарши чоралар таъминланган. Ҳар бир ўриндиқда қўлни дезинфекция қилиш воситаси бор.
Барселона
Барселона анчагина катта бўлгани сабабли шаҳар ичида жамоат транспортининг тўрт тури аҳолига хизмат қилади: автобус, метро, трамвай ва поезд.
Жиронадан фарқли равишда, Барселонада автобус ҳақини нақд пул билан тўлаб бўлмайди: албатта, чиптахона ёки чипта автоматларидан чипта олишингиз керак. Бир марталик чипта 2,40 евро (тахминан 30 минг сўм). Бу чиптани метро учун ҳам, автобус учун ҳам ишлатиш мумкин. Албатта, ойлик чипталар ҳам бор.
Барселонадаги метро бекатлари Ўзбекистондаги каби алоҳида санъат асари даражасида безатилмаган. У қадар ёруғ ҳам эмас. Аммо метро бекатларида чиқинди қутилари ёки пакетлари бор. Тошкент метро бекатларида чиқинди қутиларини учратмайсиз.
Метрода ҳомиладор аёллар, кўзи ожизлар, қариялар ва бошқа алоҳида эътибор талаб этиладиган кишилар учун алоҳида – тўқ кулранг ўриндиқлар бор. Одатий йўловчиларнинг ўриндиқлари кўк рангда.
Йўловчилар манзилига яқинлашаётганини кузатиб тура олиши учун вагонлар ичида бекатлар кетма-кетлиги ва қайси бекатга етиб келаётганингиз кўрсатиб туриладиган схемалар бор.
Шунингдек, туриб кетаётган айрим йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида вагондаги ҳар бир эшикнинг икки ёнида турган ҳолда суяниш учун мўлжалланган суянчиқ ўриндиқлар бор.
Барселонадаги трамвайлар анча замонавий ва қулай. Трамвайларнинг ичида ҳам қатъий гигиеник қоидаларга амал қилинади.
Мақсуд Саломов,
колумнист (Испания)
Мавзуга оид
15:15 / 16.06.2026
Африкача мастер-класс: Кабо-Вердедан нималарни ўрганиш керак?
16:14 / 04.06.2026
Электропоезд чиптасини Тошкент жамоат транспорти билан боғловчи тарифлар жорий этилади
15:14 / 04.06.2026
Йўлкирани автобусга чиқиш пайтида тўлаш мажбурий бўлади
17:55 / 25.05.2026