Ўзбекистон | 12:47 / 13.04.2021
6070
3 дақиқада ўқилади

ТИҚХММИ: Янги сафарлар янги зафарларга чорлайди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси халқ шоири ва қаҳрамони Абдулла Орипов ижодиётини оммалаштириш ва асарларини тарғиб қилиш бўйича “Йўл харитаси” асосида режага мувофиқ тарзда кенг қамровли фаолиятни амалга ошираётгани аниқ.

Куни кеча таълим муассасамизнинг иқтидорли, ижодкор талабаларидан тузилган гуруҳ “Тошкент-Насаф” поезди орқали Қашқадарё вилоятига жўнашди. Мақсад Абдулла Орипов туғилиб ўсган манзил ва таълим олган мактабда бўлиш ва кенгроқ тасаввур ва таассуротларга эга бўлиб қайтишдан иборат. 

Бу ҳаракатни ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламли фаолиятнинг узвий бир қисми дейиш мумкин.

ТИҚХММИ проректори Р.Чориев бошчилигидаги делегацияни Қарши шаҳрида таянч институтимизнинг Қарши филиали директори Зариф Муқимов ўз жамоаси билан тантанали тарзда кутиб олишди. Эртасига жамоа ўз фаолиятини шоир номидаги ижод мактабига боришдан бошлади. У ерда адиб ҳайкали пойига гулчамбар қўйилгач, шоир ҳаёти ва ижодига дахлдор музейдаги нодир экспонатлар билан танишишди.

Сўнгра шоир хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бошланди. Унда мактаб – интернат директори У.Орипов, профессор А.Эркаев, ТИҚХММИ проректори Р.Чориев, шоирнинг умр йўлдоши Ҳ. Мустафоева, ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари Р.Жуманиёзовлар сўзга чиқишди. Сўнгра ўқувчи ёшлар иштирокида қизиқарли тадбир бошланди. Адибнинг “Жаннатга йўл” драмаси асосидаги ўқувчи ёшларнинг саҳнавий чиқиши барчага маъқул келди. 

Сўнгра шоир туғилиб ўсган Косон туманидаги Некўз қишлоғига борилди. У ерда Абдураҳим Эркаев, Ҳанифа Мустафоева ва Собир ота Боймировларнинг хотиротларини тинглаш талабаларга завқ бахш этди. Кейин шоирнинг ўқувчилик даври кечган мактабга борилди.

Унинг ёнгинасида янги қурилган замонавий талабларга жавоб берадиган икки қаватли мактабдаги адиб ҳаётига тегишли музей билан танишиш анча мароқли бўлди. Мактаб ўқувчиларининг жонли чиқишларидан сўнг таянч институтнинг Қарши филиалига қайтиб келинди. Алоҳида дид билан безатилган очиқ майдондаги саҳнада филиалимизнинг ҳамда биз билан биргаликда келган ижодкор талабаларнинг қўшиқ ва рақслари даврага файз киритди.

Айниқса, “Қувноқлар ва зукколар” республика танловларида юқори ўринларни забт этган таниқли “Тарғибот” шоу дастури гуруҳининг ҳазиломиз ҳажвлари, ичакузди ҳангомалари эътиборга молик бўлди. Сафар якунида ички туризмнинг амалдаги ифодаси сифатида “Сайф ул-ҳақ” (ҳақиқат қиличи) номи билан машҳур бўлган Абул Муин Насафий қадамжоси ҳам зиёрат қилинди. 

Бундай шаклдаги тадбирларни узлуксиз йўсинда, тизимли ва манзилли тарзда ташкил этиш талабаларнинг тафаккур дунёсини бойитиш, халқимиз миллий қадриятларига муҳаббат ҳиссини уйғотибгина қолмай, балки юрт қисмати ва ҳозирда олиб борилаётган ислоҳот ва сиёсатларга дахлдорлик туйғусини шакллантириши ҳам табиий.

Хусусан, халқ ва ватан тақдирини ўз тақдири деб билган Абдулла Орипов ижодиётини ҳар томонлама оммалаштириш йўсинидаги тадбирларимиз йил мобайнида узлуксиз тарзда давом этаверади.

ТИҚХММИ матбуот хизмати

Мавзуга оид